Таҳлил, Янгиликлар - 19:00 · 26.01.2022

Жабрдийда — халқ, лекин айбдор мавҳум. Энергетика вазирлиги блэкаутдан қандай хулоса чиқариши керак?

Куни кеча — 25 январь куни нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё давлатларининг бир неча ҳудудларида умумий электр узилиш ҳолати — блэкаут содир бўлди. Бу блэкаут биз учун жуда кўп нарсаларга ҳақиқий баҳони беришимизга сабабчи бўлди. Биринчи масала — бундай кутилмаган ҳолатлар Ўзбекистонда ҳам содир бўлиши мумкинлиги бўлса, иккинчи масала — давлатимиз бу ҳолатларга қанчалик тайёр эканлиги ушбу блэкаут орқали яққол кўринди. «Bugun.uz» колумнисти Мироншоҳ Ҳасанов қуйида шу ва шу каби масалаларга батафсилроқ тўхталиб ўтади.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

25 январь куни кузатилган блэкаут Марказий Осиё электр тармоғида содир бўлди. У Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон энергия тизимларининг параллель равишда ишлашини таъминловчи тармоқдир. Шу сабабли блэкаут нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки Қозоғистоннинг Олмаота, Тароз, Чимкент ва бошқа вилоятларнинг айрим туманларида, Қирғизистоннинг Бишкек, Боткен, Талас, Ўш, Кемин, Тўқмоқ, Қора-Балта, Иссиқкўл вилоятида ҳам кузатилди.

Ўша куни соат 11:00 да Тошкент ва Сурхондарё ҳудудида электр билан боғлиқ узилишлар бошланди. Метрополитен биринчилардан бўлиб электр узилиши сабаб метролар тўхтаб қолганини маълум қилди, сув ва иситиш тармоқларида узилишлар кузатилиши мумкинлиги маълум қилинди. Светофорлар ишламай қолди.

Светафорлар ишламаслиги туфайли ЙПХ ходимлари хизмат ўтамоқда.
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Бундай электр узилишлари дунё тарихида ҳам кўп рўй берган, масалан, Ҳиндистонда 2012 йилда содир бўлган блэкаут оқибатида дунёнинг 9 фоиз аҳолиси электр токисиз қолган эди. Бунинг оқибатида бир неча ўн минглаб одамлар поездлар, метро ва лифтларда қамалиб қолган эди. Мамлакатдаги кўпгина корхоналар иши ва темир йўл билан алоқа узилиб қолганди. 200 нафар шахтёр эса лифтлар ишламаганлиги сабабли шахталарда қамалиб қолган.

Худди юқоридагиларга ўхшаш ҳолатлар ўзимизда ҳам содир бўлди, жумладан, электр энергияси узилганлиги сабабли поездлар кечикди, уларнинг жўнаш ва етиб бориш вақтлари ўзгарди, ҳудудий аэропортларни ёпишга тўғри келди, бу эса ўз навбатида, мамлакат аҳолисига катта ноқулайликлар туғдирди.

Метро ҳаракати тўлиқ тўхтаган вақтда Ҳиндистон электр энергияси узилиб қолганда йўловчиларни манзилгача етказишни йўлини аввалдан кўриб қўйганлиги маълум бўлди. Улар дизель генераторларидан фойдаланган ҳолда йўловчиларни бекатгача етказиб қўйишди. Бизда бу вазиятда кўринган камчиликлардан бири шу бўлди — кўрилган чоралар анча секинлик билан амалга оширилди. Электр тармоғида авария ҳолати юз берганда метрополитен ходимлари жами 415 нафар кишини эвакувация қилди.

Бу кўрилган чора дизель генераторини ишлатишга нисбатан узоқ вақтни олади ва бу ўз навбатида йўловчилар учун анча ноқулайлик туғдиради. Бундан ташқари, Энергетика вазирлигининг аниқ бир тартиб ва кетма-кетликда ишламагани бундай вазиятлар учун ҳали унчалик ҳам тайёр эмаслигимизни кўрсатиб берди.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Ҳиндистондаги электр узилиши вақтида Деҳли аэропорти дизель генератори ёрдамида ўз фаолиятини давом эттирган. Тошкент аэропорти электр тармоғида узилиш содир бўлгандан сўнг аэропорт ходимлари мазкур ҳолат юзасидан айтарли изоҳ бера олмагани ва аэропорт рейсларни қабул қилмай қўйгани бизда электр узилиши бўлса, аэропорт билан ҳам боғлиқ анча муаммолар юзага келишини кўрсатди.

Марказий Осиё электр тармоғида содир бўлган блэкаут фонида ижтимой тармоқ фойдаланувчилари орасида республика электр тармоқлари тизими жуда кўп танқид остига олинди. Хусусан, блогер Қурбонов воқеалар айбдорини излашдан аввал тизимни тартибга солиш керак экани ҳақида ёзган бўлса, таниқли журналист ва блогер Эльдар Асанов агар тизим ўнгланмаса, қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Умуман олганда, электр энергия соҳасидаги муаммолар бартараф этилмаслиги нафақат шу соҳани, балки бундан бошқа жуда кўп соҳаларда ҳам муаммолар пайдо қилишининг куни кеча гувоҳи бўлдик.

Ишчилар ишлайдиган барча ишхоналар ҳам генераторлар билан таъминланмаганлиги сабабли узилиш рўй берган вақтда кўпчилик аҳоли ўзининг иш жойидан кўчага чиқди. Бу, ўз навбатида, светофорлар ишламай турган вақтда янада кучли тирбандлик келиб чиқишига сабаб бўлди. Воқеалар Ўзбекистон электр энергияси таъминоти соҳаси тубдан янги ислоҳотлар ва малакали кадрларга муҳтож эканини кўрсатди.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Шифохоналарда электр энергияси узилганда беморларнинг ҳаётий муҳим кўрсаткичларини нормада ушлаб туриш учун генераторлар борлиги маълум қилинди, лекин бу генераторлар қуввати узоқ муддатга етмаслиги сабабли шифохоналарда яна қайта электр токи ва иситиш тизими билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. Генератор билан боғлиқ муаммо «Uztelecom»ни ҳам четлаб ўтмаган экан, «Uztelecom» матбуот котиби заҳира генератори орқали интернетни бир неча соат ёқиб тура олишларини маълум қилди.

Ҳозирги аҳоли сони ошиб бораётган вазиятда Энергетика вазирлиги томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда, профилактика ишлари олиб бориляптими, янги электр билан таъминлаш манбалари яратиляптими, соҳада қандай ўзгаришлар олиб бориляпти, агар соҳада ислоҳотлар олиб борилаётган бўлса, нега бу ислоҳотлар ҳақида узлуксиз ахборот берилмаяпти? Мана шу саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Бу ерда яна бир қизиқ ҳолат — воқеалар айбдори масаласи бўлиб турибди. Ўзбекистон томон блэкаут сабаби сифатида Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частотанинг кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ИЭСи ва Сирдарё ИЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб, бу иккала станциянинг ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келганлигини кўрсатмоқда. Қозоғистон томон эса ушбу воқеалар айбдори сифатида Ўзбекистон ва Қирғизистон томонларини кўрсатмоқда. Қирғизистон томон ким айбдор эканлиги юзасидан баёнот бермади.

Фото: «Tarazbek»

Бу ерда ким айбдор экани иккинчи даражали мавзу, биринчи навбатда электр тизимимизни ислоҳ қилишимиз керак. Лекин, албатта, айбдор топилиши ва ўз хатосини тузатиши зарур. Бу воқеалар фонида биз генераторлар қай даражада эканини билдик, тизимдаги кабеллар, аппаратларни янгилашимиз керак эканини билдик ва сўнгида ўзимизнинг ўз шахсий электр билан таъминловчи тармоғимизга эга бўлишимиз керак эканини англадик.

Электр тизимини такомиллаштирмас, қўшимча электр билан таъминловчи манбалар яратмас, тизимда содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳолатларининг олдини олмас эканмиз, бу тизим бизнинг «нозик нуқтамиз» бўлиб қолаверади ва юқоридаги Ҳиндистон билан содир бўлган ҳолатлар бизни ҳам четлаб ўтмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Ҳолатга нисбатан кўрган чораларимизни Ҳиндистондаги блэкаутда кўрилган чоралар билан солиштириб кўрсак, агар биз ўз энергетика соҳамизда катта ўзгаришлар қилмас эканмиз, Ҳиндистон тушган ҳолатга нисбатан анча қийин вазиятга тушишимиз мумкин.

Мироншоҳ Ҳасанов, колумнист