Таҳлил - 22:42 · 26.01.2022

Ўзбекистонда чироқ ўчишига криптовалюта ва майнерларнинг қандай алоқаси бор?

Марказий Осиё аҳолисининг катта қисми 25 январь куни электр энергияси таъминотидан узилиб қолди. Бу ҳодисанинг криптовалюталар ва майнерларга қандай алоқаси бор?

Фото: «Bugun.uz»

Ўзи нима бўлганди?

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги берган маълумотларга кўра, воқеа қуйидаги тартибда содир бўлган: дастлаб, Қозоғистоннинг Олмаота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар юзага келган.

Қозоғистондаги узулишлар қўшни мамлакатларга, аниқроқ айтилганда, бу мамлакат билан Марказий Осиё ягона электр тармоғи орқали боғланган Қирғизистон ва Ўзбекистонга ҳам таъсир қилган.

Қирғизистоннинг Бишкек, Ўш, Жалолобод ва бошқа барча шаҳарларида электр энергияси ўчиши кузатилган.

Ўзбекистонда эса авария оқибатида Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетган ва станцияларнинг автоматик равишда ўчишига олиб келган. Шунингдек, мамлакатдаги Талимаржон ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станциялари ҳам ўчиб қолган. Буларнинг барчаси миллионлаб аҳолининг электр энергиясисиз қолиб кетишига сабаб бўлган.

25 январь кунги холатдан аввал ҳам Қозоғистонда энергетика билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди. Масалан, октябрь ойида Қозоғистоннинг асосий энергия таъминотчиси бўлган «KEGOS» компанияси мамлакатда электр энергиясига бўлган талаб кескин кўтарилгани туфайли баъзи чекловлар жорий этилишини маълум қилган.

Вазиятга криптовалюта ва майнерларнинг қандай алоқаси бор?

Бу бўйича маълумот беришдан олдин криптовалюта нималиги ва майнерлар ким эканини билиб олиш керак.

Криптовалюта ҳеч қайси ташкилот ёки шахс томонидан бошқарилмайдиган, марказлашмаган тўлов тизими ҳисобланади. Мазкур тизимда ахборотларни сақлаш учун ҳар бир амалиёт алоҳида бир-бирига боғланган блокларга жойлаштирилади. Бу блоклардан ўз навбатида узилмас занжир, яъни блокчейн ҳосил бўлади.

Криптовалюта платформаларининг фаолияти давомийлигини таъминлаш учун мазкур занжир (блокчейн)нинг янги блоклари яратиб борилади. Ва айнан шу блокларни яратиш жараёни майнинг деб аталади.

Буларнинг энергетика муаммоларига қандай алоқаси бор?

Гап шундаки, майнинг жараёнида ишлатиладиган техникалар катта қувватдаги электр энергиясини талаб қилади. 2019 йилгача дунёда энг кўп майнинг (75 фоиз) Хитойда амалга оширилган. Кейинроқ эса бу мамлакатда майнинг фаолияти тақиқланди. Шунингдек, криптовалюталар билан боғлиқ ҳар қандай амалиёт ноқонуний деб эълон қилинди. 2021 йилнинг июлида бу мамлакатдаги 90 фоиз майнинг компаниялар фаолиятини тўхтатди.

Бунинг натижасида майнерларнинг катта қисми ўз фаолиятини Хитойдан Қозоғистонга кўчирди. Оқибатда 2021 йил давомида Қозоғистонда электр энергияси истеъмоли 8 фоизга ошди.

Мамлакат энергетика вазири ўринбосари Мурот Журебековнинг қайд этишича, мамлакатда расман фаолият олиб борадиган майнинг компаниялари сони 50 та бўлиб, қолган компаниялар ноқонуний ишлаб келган ва энергия танқислигига сабабчи бўлган.

Майнинг фаолиятида қанча электр энергияси ишлатилади?

2017 йилги маълумотларга кўра, «Bitcoin» тизимида битта транзакцияни бажариш учун ўртача 163 киловатт соат энергия сарфланган. Солиштириш учун: бундай энергия миқдори билан бир қаватли кичик уйда яшовчи уч кишилик оиланинг эҳтиёжларини 5,5 кун давомида тўлиқ қондириш мумкин.

Юқоридаги маълумотлардан англашиладики, 2021 йилда кўплаб майнерларнинг Қозоғистонга кўчиб ўтиши, мамлакатнинг ўзи шундоқ ҳам муаммолар билан ишлаб турган энерготизимини авария ҳолатига келтирган бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда дунёдаги жами майнинг ҳажмининг 18 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича фақат АҚШдан (35,4 фоиз) орқада. Қўшимчасига бу рейтингда учинчи ўринда турувчи Россия (11 фоиз) ҳам яқин орада майнинг фаолиятини тақиқлаши мумкин. Ўз навбатида бу ҳам Қозоғистонда ноқонуний фаолият юритувчи майнерларнинг кўпайишига олиб келади.

«Bugun.uz»га келиб тушган маълумотларга кўра, юқорида тилга олинган «KEGOS» компанияси Қозоғистондаги майнерларга 2022 йил 24 январдан 31 январгача электр энергиясини етказиб бериш тўлиқ бекор қилиниши ҳақида хат жўнатган.

«Ҳозирда Қозоғистон ягона энергетика тизимида электр қуввати ва қувват балансини сақлаш бўйича кескин вазият сақланиб қолмоқда», дейилган ҳужжатда.

Юқоридаги маълумотлар шуни тасдиқлайдики, 25 январь кунги аварияга қадар ҳам Қозоғистонда энергетика тизимида вазият кескин бўлган. Мамлакат ҳукумати эса бунга қарши чора кўриш учун катта қувватни «йўқ қилаётган» майнерларни тармоқдан узиш бўйича қарор қабул қилган.

Баҳодир Абдуллаев тайёрлади