Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида газ етказиб беришда узилишлар кузатилмоқда
Фарғона водийси, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг қатор ҳудудларида газ етказиб беришда узилишлар кузатилмоқда. Энергетика вазирлиги ва «Ҳудудгазтаъминот» ахборот хизматлари бунга нима сабаб бўлаётганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, юзага келган носозликлар сабабли мамлакатдаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келмоқда.
Шу сабабли иссиқлик электр станцияларида газ босимининг камайиши кузатилмоқда ва бу электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирги вақтда мавжуд ишлаб чиқариш қувватидан келиб чиқиб, республикамизнинг айрим ҳудудларида навбатма-навбат электр энергияси етказиб берилмоқда.
Энерготизимда кузатилган носозликлар сабабли юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Қолаверса, 2022 йил 25 январь куни электр таъминотида узоқ давом этган узилиш муносабати билан «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «Газли», «Шўртан» ва «Муборак» нефть-газ қазиб олиш бошқармасига қарашли 64 та коннинг иши вақтинча тўхтатилган эди.
Бу, ўз навбатида, «Ўзтрансгаз» АК магистраль газ қувурлари ва «Худудгазтаъминот» АК маҳаллий тармоқларида босимнинг пасайишига таъсир кўрсатди. Айни пайтда Фарғона водийси, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг бир қатор туманлари ҳамда Тошкент шаҳрида табиий газни етказиб беришда босимнинг пасайиши ёки унинг йўқлиги кузатилмоқда.
Шу муносабат билан «Худудгазтаъминот» АЖ босимни тиклаш ва истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш бўйича барча зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилади. Таъкидланишича, ҳозирги вақтда газ етишмаслиги ёки уни етказиб бериш пайтида босим пасайган манзилларда газ ишлатадиган барча жиҳозларни ўчириб қўйиш ва биноларда газ ҳиди йўқлигини текшириш керак.