16:59 | 27.01.22 107

ЎзЖОКУда «Талабалар пресс-клуби» инкубацион co-working маркази ва фотожурналистика лабораториясининг очилиш маросими бўлди

Бу ерда талабалар ОАВларга аудиовизуал, матн ва фото форматидаги материалларни кундалик равишда тайёрлаб боради

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида 27 январь куни «Талабалар пресс-клуби» инкубацион co-working маркази ва фотожурналистика лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда очилишда иштирок этган «Bugun.uz» журналисти Ирода Жўраева хабар берди.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Маълумотларга кўра, очилиш маросимида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс клуб раиси, профессор Шерзодхон Қудратхўжа ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев сўзга чиқиб, тадбирга йиғилганлар ва талаба ёшларни ушбу объектлар ўз фаолиятини бошлагани билан табриклаган.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

«Талабалар пресс-клуби» инкубацион co-working маркази ва фотожурналистика лабораторияси талабалар учун эркин, фаол майдон сифатида ташкил этилди. Бу ерда талабалар маҳаллий ва хорижий ОАВларга аудиовизуал, матн ва фото форматидаги материалларни кундалик равишда тайёрлаб боради. Шунингдек, марказда малакали мутахассислар иштирокида давра суҳбатлари ва дебат клублар ташкил этилиши, талабаларнинг хорижий тенгдошлари билан online ва offline (конференциялар, семинар-тренинглар) тадбирлар доимий равишда ўтказиб турилиши режалаштирилган.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

«Талабалар пресс-клуби бу ёшларимизнинг янги лойиҳалари ва уларнинг ғояларини амалга ошириш учун креатив кўринишдаги co-working хонаси бўлиб, у ерда айниқса медиадизайн йўналиши талабаларимиз ўзларининг ролик монтажларини, турли дизайнерлик ишлари устида ишлашлари мумкин бўлади», — дейди Интернет журналистика ва ижтимоий тармоқлар йўналиши декани Гулнора Зокирова.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Университетда аллақачон фаолиятини бошлаган замонавий теле ва радио студияларга қўшимча равишда фаол ишлаши кутилаётган ушбу марказ ва фотолаборатория ҳам талабаларда ижодкорликни ошириш, уларга ижод учун кенг кўламли шароитлар яратиб бериш ва шу билан бирга журналистикамиз ривожига салмоқли ҳисса қўшиш ниятида ташкил этилди.