Рейтинг. Блокланган TikTok’дан блокланмаган аккаунтлар: энг кўп обуначига эга ўзбек тиктокерлари
Рукннинг бугунги сонида сиёсатдан, ижтимоий мавзулардан бироз чалғиймиз ва ёшлар орасида машҳур контентмейкерлар билан танишамиз
Интернет олами, ижтимоий тармоқлар, обуначилар кўрсаткичлари ва кўришлар сони каби жарангдор сўзлар мана бир неча ҳафтадирки, эътиборимизни ўзига оҳанрабодек тортмоқда. Ўтган икки ҳафтада сиз билан энг кўп обуначига эга YouTube лойиҳаларини кўриб чиққан эдик. Биз қўлга киритган кўрсаткичлар жуда ҳайратланарли эди, шундай эмасми? Ахир, бир лойиҳани бутун бошли мамлакат аҳолиси сонига тенг аудитория кузатса, бу ҳазилакам гап эмас. Бугунги рейтингимизда эса сизни янада лол қилишимизга ишонамиз. Сабаби бугуннинг қаҳрамонлари якка шахслар, лойиҳалар эмас, лекин уларнинг бир неча миллионлаб мухлислари бор. Демак, бизда энг кўп обуначига эга ўзбек тиктокерлари ўнлиги.

1. Надир Саилов. Мазкур, асосан, камера қаршисида туриб турли видеолар оладиган йигитчани 5,7 миллион киши доимий кузатар экан. Шу пайтгача у ўз видеолари орқали 67,8 миллион лайк йиққан. Ҳар бир видеосида 2–3 миллион кўрувчи қайд этилганини ва бундай видеолар сони юздан ошиқлигини ҳисобга олсак, бу йигитчанинг видеоларининг умумий кўришлари сони Англия аҳолиси сонидан ҳам (67 миллионга яқин) кўплиги аниқ.
2. Паризода Усманова (Pamaus1). 2,9 миллион доимий кузативчиси бор бу қизнинг қиёфасига ҳеч бўлмаса қандайдир аёллар либоси дўкони рекламасида дуч келган бўлсангиз керак. Биргина TikTok’нинг ўзида 66,3 миллион лайкка эгалиги ҳам унинг қанчалик машҳурликка эришганини кўрсатиб турибди. Унинг Instagram саҳифасида ҳам 834 минг обуначиси бор. Блогер қиз асосан турли қўшиқларга рақс тушганлигининг видеотасвирини улашади. Демак, рақс тушиб ҳам одамларни қизиқтириш мумкин экан-да!
3. Асал Сапарбаева (Littos). 2,4 миллион обуначи ҳамда 26,1 миллион лайк, бундан ташқари, Instagram’да ярим миллиондан ортиқ кузатувчи. Халқаро спорт устаси Асал Сапарбаева нафақат спортчи, балки блогер сифатида ҳам интернет оламида яхшигина таниш. Унинг спорт трюкларини қизиқарли йўсинда, масалан, миллий либосларда ижто этиши, айниқса, видеолари машҳурлигини оширди.
4. Jonyrinko. Ўзбекистондаги илк киберспорт аренаси элчиси, видео яративчи, анимелар ишқибози бўлган мазкур тиктокер блогернинг тармоқда 2,1 миллиондан ортиқ обуначиси бор. 25 миллионга яқин лайк воқеий бўлмаган видеороликлар ҳам одамлар диққат-эътиборини торта олиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
5. Нигина (niginn_). Мазкур блогер ижтимоий тармоқларнинг доимий фойдаланувчиси бўлмаганлар орасида ҳам анчайин таниш. Боиси у ижтимоий тармоқлар, блогерлар ва уларнинг фаолияти муҳокама қилинган, кези келганда танқид қилинган ток-шоу ва кўрсатувларда ҳам бир неча бор иштирок этган. Бироқ қора пиар ҳам пиарнинг бир тури эканлиги шу чиқишлардан кейин ҳам яна бир карра ўз исботини топди. Нигина TikTok’да 1,7 миллион обуначи ва 10,6 миллион лайк тўплаб улгурган. Яъни уни ёқтиришмаса-да, кузатишади.
6. Умида Абдугаффарова (Bonamur). Ижтимоий тармоқлар, айниқса, Instagram ва TikTok шинавандаларига бу қизнинг блогерлик фаолияти яхшигина таниш. 21 ёшли Bonamur тахаллуси билан тармоқларда машҳур блогер TikTok’да 1,4 миллион обуначига эга. Лайклар сони эса 37,8 миллион, яъни Ўзбекистон аҳолиси сонидан бирозгина кўп. Ёмон эмас! Маълумот ўрнида, унинг Instagram тармоғида ҳам 200 мингга яқин кузатувчилари бор.
7. Ҳусниддин (xusnidd1n). Мазкур блогер ҳам нафақат ижтимоий тармоқлар, балки ток-шоу ва кўрсатувлар ортидан машҳурликка эришди десак, янглишмаган бўламиз. У турли воқеий видеороликлар, ҳазиллар тасвирга олади ва ўз ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлайди. Ҳусниддин TikTok’да 1,3 миллион доимий кузатувчисига эга. 40 миллиондан ортиқ лайк ҳар қандай машҳурлик чўққисига чиқишни истовчи кишининг ҳавасини келтириши тайин. Блогер 800 мингдан ортиқ Instagram обуначиларига ҳам эга.
8. Озод Ҳурамов (liil khuramov). Ва ниҳоят, миллионлик поғонадан юз минглик поғонага тушдик, орада қайсидир блогерларни унитиб «тушириб қолдирган» бўлмасак, албатта. Озод Ҳурамов нафақат норасмий санъат майдони, балки расмий давраларда ҳам эътироф этила бошлади, бир нечта халқ артистлари ва таниқли санъаткорлар қўшиқларига ишланган видеоклипларда суратга тушди. Ўтган йил якунларида у «Миллий» телеканали томонидан «Йил янгилиги» сифатида эътироф этилди. Liil TikTok’да 891,1 минг обуначи, 39,3 миллион лайкка эга. Instagram’да 1,5 миллиондан ортиқ обуначиси борлигини ҳисобга олсак, блогернинг асосий «иш жойи» ўша ерда кўринади.
9. Дониёр Қаюмов. Актриса Ситора Фармонова билан оила қуриши кўпгина мухлислари томонидан кутилган, яқиндагина миллион кишидан ортиқ обуначига эга Instagram саҳифаси блокланиб қолгани ҳақида айтиб юрган блогер рейтингимизнинг 9-ўринидан жой олишга мушарраф бўлди. Instagram’да 1,8 миллиондан ортиқ обуначиси бор блогер TikTok’да ҳам 635,8 минг обуначи ва 17,3 миллион лайк соҳибидир. Унинг видеоларни суратга олиш ва тақдим қилиш услуби ҳам юқорида номи тилга олинган блогерларникига ўхшаш: ҳазиллар, мусиқалар ва воқеий видеолавҳалар.
10. Азода Юсупахмет («Котта қиз»). TikTok’да 586,6 минг (Instagram’да 1 миллиондан ортиқ) обуначига эга блогер қиз рейтингимизни 19,6 миллион лайк билан якунламоқда. Айтганча, Азода нафақат блогер, балки қўшиқлар ҳам айтиб тураркан.
Бизда ҳозирча шулар. Интернет, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментига фойдали ва қизиқарли контент, блогерлик оламига ибратли вакиллар, сизга эса мароқли ҳафта тилаймиз. Яна рейтинглашгунча!