Янгиликлар - 20:48 · 28.01.2022

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга билдиришнома юборди

Ўзбекистон фуқаролари Россия ҳудудида 15 кун давомида рўйхатдан ўтмасдан вақтинча бўлиши мумкинлигига доир тартиб кучга киргани оммавий ахборот воситаларида хабарлар тарқалди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бу бўйича расмий маълумот берди.

Фото: «Yuz.uz»

Маълум қилинишича, Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудида ва Россия фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида бўлишлари тартиби тўғрисидаги Ҳукуматлараро битим 2021 йил 17 июнь куни имзоланган.

Битимнинг 1-моддасига кўра, бир томон давлати ҳудудида вақтинча бўлиб турган бошқа томон давлатининг фуқаролари 15 кун мобайнида келиш давлатининг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш (яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш) мажбуриятидан озод этилади.

2022 йил 20 январь куни мазкур халқаро шартномани тасдиқлаш ҳақида Ўзбекистон Президентининг қарори қабул қилинди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига мамлакат томонидан давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳақида тегишли билдиришномани юборган.

«Таъкидлаш жоизки, битимнинг 4-моддасига кўра, битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари томонлар тарафидан бажарилгани тўғрисида охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали қабул қилинган санадан кучга киради. Шундай қилиб, юқорида кўрсатилган битим кучга кирмаган, зеро, Россия томонидан тегишли давлат ички тартиб-таомиллари ҳали якунланмаган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия билан икки давлат фуқароларини 15 кун муддатга рўйхатдан ўтиш заруратидан озод қилувчи келишувни тасдиқлаганди.