Янгиликлар - 20:26 · 28.01.2022

Австралиялик олимлар коинотда ноодатий объектни аниқлади — видео

Австралиялик бир гуруҳ тадқиқотчилар Сомон йўлида ноодатий астрономик объектга дуч келди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.

Фото: «Shutterstock»

Маълум қилинишича, астрономлар Ердан бор-йўғи 4000 ёруғлик йили узоқликда коинотда аввал аниқланмаган сирли объектни топган. Уларнинг фикрича, бу нейтрон юлдуз ёки электрон ядро плазмасидан ташкил топган, термоядровий энергия манбаларидан холи юлдузлар бўлиши мумкин.

«Радиотўлқинларни хариталаш гуруҳи ғайриоддий нарсани топди, у соатига уч марта улкан энергия чиқаради ва бу астрономлар илгари кўрган нарсаларга ўхшамайди», дейди Халқаро радиоастрономия тадқиқотлари маркази.

Таъкидланишича, кашфиёт Австралиянинг ғарбий чеккасида жойлашган «Murchison Widefield Array» деб номланувчи паст частотали радиотелескоп ёрдамида аниқланган. Объект кузатув давомида пайдо бўлиб, ғойиб бўлгани қайд этилган. Кашфиёт ҳақидаги хабар илмий жамоатчиликда катта резонанс келтириб чиқарган. «Бу мутлақо кутилмаган ҳодиса бўлди. Астрономлар учун бу бироз қўрқинчли эди, чунки осмонда унга ўхшаш нарса йўқ», — дейди кашфиётчилардан бири Херли-Уокер.

«Агар сиз математик ҳисоб-китоб қилсангиз, улар ҳар 20 дақиқада радиотўлқинларни ишлаб чиқариш учун етарли энергияга эга бўлмаслиги кераклигини биласиз. Бу, шунчаки, бўлиши мумкин эмас», — дея қўшимча қилган у.

Фото: «Getty Images»

Гуруҳ раҳбарининг айтишича, дастлаб бу бегона ҳаёт шаклидан келган сигнал бўлиши мумкин деб ўйланган.

«Мен бу ўзга сайёраликлар эканидан хавотирда эдим. Бироқ сигнал турли частоталарда кузатилган, демак, бу сунъий сигнал эмас, табиий жараён», — дея хулоса қилган Херли-Уокер.

Аввалроқ астрофизиклар коинотнинг 3D харитасини намойиш қилганди. Шунингдек, NASA раҳбари ўзга сайёраликлар борлиги ҳақида гапирганди.