Таҳлил - 18:05 · 28.01.2022

Bugun Cinema. Турк киносини жаҳонга олиб чиққан режиссёр. Нури Билге Жейлан ҳақида

«Ҳар янги тасвирга олган фильмим менга ҳаётимни қандай бошқариш кераклигини ўргатади», — дейди Нури Билге Жейлан. Кўзимиз ўрганган, сюжети томошабинни фильм ичига тортиб кетадиган турк фильмлари бугунги закий киномухлислар наздида интеллектуал кинотеатрдан узоқ. Аммо бу фикримизни инкор этадиган бир режиссёр борки, унинг фильмлари дунё муаллифлик кинотеатрини ўзига ром этди. Унинг 1998 йилдан бошлаб яратган тўлиқ метражли фильмлари кўплаб мукофотларга сазовор бўла бошлади. Бу нафақат унинг, балки турк кино санъатининг халқаро миқёсда эътироф этилиши эди. Бу режиссёр интеллектуал томошабинларнинг севимли режиссёрига айланиб улгурган Нури Билге Жейландир. «Bugun Cinema» рукнининг бугунги сонида ушбу режиссёр фильмлари ҳақида ҳикоя қиламиз. 

Фото: «Anadolu Ajansi»

Жейлан 1 та қисқа метражли ва 8 та бадиий фильмдан иборат жами 9 та фильм суратга олди. Нури Билге фотограф бўлгани учун фильмларида бадиий образга алоҳида аҳамият беради. Кино оламига «Пилла» номли фильм билан кириб келган Нури Билге Жейланнинг ўзига хос нуқтаи назари, фильмларидаги ўзига хос ёлғизлик мотиви, характерлари ва ғамгин ҳикоялари томошабин қалбида оғриқ уйғотади. У 1959 йилда Истанбулнинг Бакиркўй туманида туғилган. Унинг онаси Фатма Жейлан, отаси эса қишлоқ хўжалиги муҳандиси Меҳмет Эмин Жейлан эди. Режиссёрнинг болалик йиллари асосан Чаноққалъанинг Ениже туманида ўтган. 1993 йилда Меҳмет Эрйилмазнинг «Сени севаман, ЭргоСум» номли қисқа метражли фильмида роль ўйнайди. Суратга олиш жараёнида камера ортида туриб, техник билимини ҳам оширади. Шундан сўнг Жейлан ушбу фильм суратга олинган кинокамерани сотиб олади ва шу йилнинг ўзидаёқ ўзининг биринчи қисқа метражли фильмини суратга олишга муваффақ бўлади. У Канн кинофестивалида ҳам режиссёр, ҳам сценарий муаллифи ва продюсер бўлган «Пилла» фильми билан иштирок этди. «Пилла» танлов учун танланган биринчи турк қисқа метражли фильми эди.

«Пилла» фильми

Нури Билге Жейланнинг «Пилла» фильми унинг ижодидаги дастлабки киноасар бўлиши билан бирга яна кўплаб ноёб хусусиятларга эга. Биринчидан, бу 17 дақиқалик қисқа метражли фильм оқ-қора тасвирда ишланган. Бундан ташқари, фильмда ҳеч қандай диалог мавжуд эмас. Ҳаракатсиз тасвирлар билан давом этар экан, «Пилла» фильми икки кишининг кесишган ва бир-биридан ажралган ҳаётини ҳикоя қилади. Нури Билге Жейланнинг бошқа фильмларида бўлгани каби «Пилла» фильмида ҳам онаси Фатма Жейлан ва отаси Меҳмет Эмин Жейлан фильмдаги бош ролларни ўйнашади. 1995 йилда суратга олинган ушбу фильмда Нури Билге Жейланнинг пилладан чиқиб, кино оламига қадам қўйишидаги аламли жараён ҳақида сўз юритилишини тушуниш қийин эмас.

«Мамлакат трилогияси»

«Шаҳар» Нури Билге Жейлан фильмлари орасида биринчи узун метражли ва иккинчи оқ ва қора тасвирда олинган фильмдир. «Пилла»дан фарқли ўлароқ, «Шаҳар» ўзининг диалоглари билан диққатни тортади, кўпинча одамларни ўйлантиради ва чуқур мушоҳада юритишга мажбур қилади. Ушбу фильм 1970 йилларда оддий шаҳарчада яшовчи оиланинг уч авлоди ҳақида ҳикоя қилади. Шаҳарни тарк этмоқчи бўлган Саффетнинг кўнглидаги ҳис-туйғулари томошабинларга ўзгача кайфият бағишлайди. Фильм мактаб саҳнаси билан бошланади ва аттракционлар парки саҳнаси каби эсда қоларли саҳналар билан давом этади. «Шаҳар»да Нури Билге Жейлан ҳаётининг излари ҳам бор, шунинг учун фильм ярим автобиографик деб таърифланади. «Шаҳар» ҳам Нури Билге Жейланга Канн кинофестивалининг эшикларини очган фильм ҳисобланади. «Шаҳар» фильми баъзи киномутахассислар «мамлакат трилогияси» деб таърифлаган учта фильмнинг биринчиси эди.

Трилогиянинг бошқа фильмлари «Май булутлари» ва «Олис» картиналаридир. Бу фильмларда Жейлан қариндошлари ва оила аъзоларидан актёр сифатида фойдаланади, сценарийдан тортиб операторлик, режиссура ва монтажга қадар деярли барча ишларнинг бошида ўзи туради. Жейланнинг учинчи фильми бўлмиш «Май булутлари»да илк бор Нури Билге Жейлан дунёсини ранг-баранг тасвирлар билан баҳам кўрамиз. Жейланнинг онаси ва отаси бош ролларни ўйнаган бу фильмнинг яна бир муҳим қаҳрамони Меҳмет Эмин Топракдир. Фильмда асосий эътибор ўзи туғилиб ўсган шаҳарчага фильм суратга олиш учун қайтиб келган Музаффарнинг ҳикоясига бағишланган.

Фото: «Novicinema»

Кинода Музаффардан ташқари Музаффанинг отаси Эминнинг давлатни эгаллаб олмоқчи бўлган соҳа учун курашига, университетни қўлга кирита олмаган Саффет нажотни Музаффардан қидираётганига ҳам гувоҳ бўламиз. «Май булутлари» фильми ҳам Музаффар образини Нури Билге Жейлан билан уйғунлаштиришга сабаб бўлади, чунки фильмда Музаффар образининг ота-онасини Нури Билге Жейланнинг ота-онаси ижро этади. Кино суратга олиш энг катта орзуси бўлган Музаффар ҳаётидан лавҳалар тақдим этилган фильмда севги, дўстлик, оила тушунчалари тафтиш қилинади. Жейлан «Май булутлари» фильмини Антон Чеховга бағишлаган.

Режиссёрнинг тўртинчи фильми 2002 йилда ишланган «Олис» кинокартинасидир. Эсда қоларли саҳналари, диалоглари билан энг яхши фильмлар қаторидан жой олган «Олис» фильмининг бош ролларида ҳам худди шу номларни кўрамиз. Фильм кичик шаҳарчадаги ўзи ишлаган фабрикадаги ишини ташлаб, орзулари ортидан Истанбулга келган Юсуф ҳақида ҳикоя қилади. Юсуф Истанбулга кетаётиб, Истанбулда яшовчи қариндоши — касби фотосуратчи бўлган Маҳмутдан ёрдам сўрайди. Кемаларда иш топиб, узоқларга боришни орзу қилган Юсуф зиёли қариндоши Маҳмутдан кўп нарсаларни ўрганади. Шаҳар ҳаёти ва шаҳардаги тартибсизлик, бегона одамнинг ёлғизлиги ва катта орзуларни мукаммал тасвирлаган «Олис» фильми афсуски, Юсуф образини ижро этган Меҳмет Эмин Топракнинг вафотидан олдинги сўнгги фильми бўлиб қолди. «Олис» фильмида одамлар ўртасидаги мулоқот муаммолари, авлодлар дунёқараши, орзу-хаёллари ўртасидаги тафовут, қолаверса, турк жамиятидаги табақалашув, синфлар орасидаги фарқ катта экранга олиб чиқилган.

«Иқлимлар» фильми

Жейланнинг тўртинчи тўлиқ метражли «Иқлимлар» фильми унинг ўзи операторлик қилмаган биринчи фильми эди. Бу фильм орқали у кинооператор Гўкҳан Тиряки билан ижодий ҳамкорлик ўрнатди. Нури Билге Жейлан ва турмуш ўртоғи Эбру Жейлан камера қаршисида бўлган ушбу фильмда Исо ва Баҳор ўртасидаги муносабатлар фасллар орқали ҳикоя қилинади. Фильмнинг энг диққатга сазовор хусусиятларидан бири айнан Нури Билге Жейлан ва унинг рафиқаси Эбру Жейланнинг бош ролларни ижро этганидир. «Иқлимлар» фильми «Турли ҳудудларнинг ўзига хос иқлими бўлгани каби руҳлар ҳам ҳар хил» деган ғояни ўзида акс эттирган бўлиб, бошқа классик севги қиссалари форматида эмаслиги билан ажралиб туради. Биринчидан, фильм учрашув ёки романтик лаҳзалар билан бошланмайди.

Шу сабабли, у бизни биринчи дақиқаданоқ ҳикоя ичига киришга жалб қилади. Экранда томошабин аниқ билмаса-да, ўрталарида бироз ёш фарқи борлиги кўриниб турган Исо ва Баҳор образлари пайдо бўлади. Шундан сўнг фильм атмосферасини нотинч кайфиятлар ва томошабин муаммони тушуна олмайдиган даражада сирли уфунат қамраб олади. Фильмда тез-тез иқлим эврилишлари намоён бўлади. Қаҳрамонлар ўртасидаги муҳаббат, улар босиб ўтган йўл, улар босиб ўтган иқлимлар томошабин талқинига қолдирилади. Фильмда икки томонлама муносабатлардаги назорат ва таслим бўлиш туйғулари жуда чуқур ёритилган.

«Уч маймун» фильми

Фото: «MoMA»

У биринчи марта профессионал актёрлар билан ишлаган «Уч маймун» фильмида кичик ожизлик туфайли парчаланиб кетган оила катта ёлғонларни дунёга келтириши ҳамда уларнинг ҳақиқатни яшириш орқали бирга бўлиш учун курашиши ҳикоя қилинади. «Уч маймун» фильми жиноят, хиёнат ва пушаймонлик каби универсал мавзуларга бағишланган. Бошлиғининг айбини ўз бўйнига олган Эйип 1 йилдан сўнг қамоқдан чиқади. Кўп ўтмай хотинининг хўжайини билан ишқий муносабатда бўлганини билиб қолади. Бир муддат текширувдан сўнг Эйип ниҳоятда оғир қарорга келишга мажбур бўлади, у ўз хўжайинини ўлдиришга аҳд қилади.

Актёрлар таркиби билан ажралиб турадиган «Уч маймун» фильмида орадан парда кўтарилиб, муносабатларда ёлғон аралашган оиланинг парчаланишига эътибор қаратилади. Ёлғон, сиёсат ва бойликнинг хунук ниқоби ортида четда қолиб кетган ҳақиқатларни яшириш фильмнинг умумий концепциясини белгилаб беради. Жейлан «Уч маймун» фильми билан 2008 йилда Канн кинофестивалида «Энг яхши режиссёр» мукофотига сазовор бўлди. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Жейланнинг «Мен бу мукофотни кучли эҳтирос билан севадиган ёлғиз ва гўзал мамлакатимга топшираман» деган сўзлари узоқ вақт давомида Туркиянинг кун тартибида турди ва кўпчилик томонидан эътироф этилди. Фильм «Оскар»нинг «энг яхши чет тилидаги фильм» номинациясида биринчи 9 талик номзодлар рўйхатига кирган илк турк фильми бўлди.

«Бир пайтлар Онадўлида» фильми

Туркия ҳамда Босния ва Герцеговина ҳамкорликда ишланган «Бир пайтлар Онадўлида» фильми Кескин туманида суратга олинган. Қотиллик терговини акс эттирувчи ушбу фильм сценарийсини Эрcан Кесал ва Нури Билге Жейлан ҳаммуаллифликда ёзган. Прокурор Нусрет ва комиссар Нажи томонидан олиб борилган тергов якунида жасад топилиши фильмнинг қизғин сюжет кўламини бошқа бир ўзанга буради. Жиноят-драма жанрига мансуб бўлган ушбу фильмнинг умумий давомийлиги 157 дақиқани ташкил этади. Ушбу киноасар Анадўлу халқининг ёлғизлик қисматини шеърий тил билан катта экранга етказган. «Бир пайтлар Онадўлида» фильми кўпчилик киномутахассислар томонидан Нури Билге Жейлан номи тилга олинганда ёдга келадиган биринчи фильмлардан бири дея талқин қилинади.

Ҳам турк киносида, ҳам Нури Билге Жейлан кинематографиясида ҳамманинг хотирасига муҳрланган ушбу фильм томошабинлар учун ҳам унутилмас кечинмаларни тақдим этишни уддалай олди. Фильм оператори Гўкҳан Тиряки худди «Иқлимлар» ва «Уч маймун» фильмларида бўлгани каби узоқдан келаётган автомобиль фараларининг ёруғлиги билан томошабин руҳиятига киради. Унда қотилликни фош этиш учун прокурор, шифокор, икки полициячи, ҳайдовчи ва икки қотилликда гумонланувчини дашт ўртасида қарийб 12 соат давомида қидириб топиши ҳикоя қилинади. Йўлларнинг монотонлиги, шаҳар ҳаёти, сиёсатнинг оддий ҳаётга таъсири ва жамиятни ифодаловчи персонажларга эътибор қаратсак, режиссёрнинг классикага тез-тез мурожаат қилганини кўриш мумкин. Ушбу киноасар ҳам Антон Чехов ҳикояларидан илҳомланган ҳолда яратилган. Инсонийликни шубҳа остига қўядиган ушбу фильм 2 соату 43 дақиқа давом этган шеърга ўхшайди десак, хато бўлмайди. «Бир пайтлар Анадўлуда» фильмида қотиллик сюжети орқали катта муаммоларга чуқур муносабат билдирилган бўлиб, воқеалар шунчаки ўтиб кетса ҳам, мулоҳазаларнинг юки томошабин қалбида катта из қолдиради.

«Қиш уйқуси» фильми

У режиссёрлик қилган «Қиш уйқуси» фильми 2014 йилда Канн кинофестивалининг «Олтин пальма япроғи» мукофоти билан тақдирланган. Шундай қилиб, Шериф Гўрен ва Йилмаз Гунейнинг «Йўл» фильмидан кейин иккинчи маротаба яна бир турк фильми бу мукофотга сазовор бўлади. Невшеҳирнинг Кападокия туманида суратга олинган «Қиш уйқуси» фильмида нафақадаги актёрнинг ўз атрофидагилар билан бегоналашуви, жамиятга нисбатан ўзини бегонадай ҳис қилиши муаммоси бадиий-визуал ифодасини топади. Турмуш ўртоғи Ниҳал билан узоқ вақт ёмон муносабатда бўлган Айдин синглиси Нежла билан ҳам тез-тез жанжаллашиб қолаверади.

«Қиш уйқуси» фильми халқаро кинорейтингларнинг топ 250 талигида 243-ўринда туради. Фильмнинг сценарийсини Нури Билге Жейлан ва унинг рафиқаси Эбру Жейлан биргаликда ёзган. «Бир замонлар Анадўлуда» фильмидан кейин томошабинлар унинг навбатдаги фильми аввалгисидан ҳам юксак даражада ишланишига умид қилган эди. «Қиш уйқуси» томошабинларни бекорга куттирмаганини исботлайди. Актёрлар ижроси, визуал-поэтик кўлами, тиғиз саҳналари ва сюжетдаги воқеаси билан бизни Кападокияга олиб борадиган ушбу фильм томошабиннинг ичида тафаккур учқунини ёқади, исталганча талқинларга имкон беради. Фильм собиқ театр актёри бўлган ва актёрликни ташлагач, ўзининг шахсий меҳмонхонасини бошқариш учун Кападокияга қайтган Айдиннинг Кападокиядаги ҳаёти тасвирланади. Унинг хотини Ниҳал билан муносабатлари руҳий инқироз даврига кириб қолган. Эр-хотинга Айдиннинг ажрашганидан кейин кўчиб келган синглиси Нежла ҳамроҳлик қилади.

Бу ерда ёлғиз ҳаёт кечираётган Айдин ва Ниҳалнинг одамларга ёрдам беришга уринишлари ва улар ўртасидаги зиддият фильмнинг асосий мавзуларидан биридир. 3 соат 16 дақиқа давом этадиган фильм томошасидаги зулмат фильм сўнгида йўқолади ва барча ташвишларни йўқ қилади. «Қиш уйқуси» фильмидаги энг ҳайратланарли жиҳатлардан бири бу театрлаштирилган линиялардир. Достоевский, Толстой ва Вольтер каби машҳур ёзувчилардан илҳомланган Нури Билге Жейлан фильмни Чеховнинг «Хотин» ҳикояси мотивлари асосида суратга олган. Шунингдек, у 3 соату 16 дақиқа давом этганлиги билан Канн кинофестивалининг бош мукофоти «Олтин пальма япроғи»ни қўлга киритган энг узун фильм сифатида кино тарихига кирди.

«Нок дарахти» фильми

Фото: «Bianet»

Халқаро кинорейтингда 8,2 баллга лойиқ кўрилган ушбу фильм инсонни тушуниш ва қалб ёлғизлиги масаласини тафтиш этади. Унда Синан исмли йигит ўзи ёзган китобини нашр этиш учун пул йиғишга ҳаракат қилгани ҳақида ҳикоя қилинади. Фильм қаҳрамони Синан университетни битиргач, оиласи бағрига қайтади. Шундан сўнг у романини чоп этиш учун молиявий ёрдам излай бошлайди. У ўзи учрашган одамлар билан интервью олиб боради. Бироқ уларнинг ҳеч бири Синаннинг китоби учун пул беришга тайёр эмас. У туманнинг энг машҳур ёзувчиси Сулаймон билан учрашади. Бу учрашув ҳам Синанга наф келтирмайди. Шундан кейин болаликдаги дўстлари билан учрашган Синан ўзини бутунлай ёлғиз ва бегона ҳис қила бошлайди.

Синаннинг ўзи танламаган ва имкон қадар тезроқ қутулишни орзу қилган бу ҳаётга чекиниши, отасига бўлган нуқтаи назари ва бир-бирига қарама-қарши бўлган ғоялари билан боғлиқ эди. Фильмда ўз йўлини топишга интилаётган инсоннинг жамият билан баъзи қарама-қаршиликларга учраши очиб берилади. Бу зиддият фильм давомида турли шаклда кўзга ташланиб боради. Кастинг жараёни, комедия йўналишида ўз услуби билан танилган Дўғу Демиркўлнинг ижроси ва танланган локациялар фильмга тайёргарлик жараёнида катта куч сарфланганини кўрсатади. Кинокартинада Юнус Эмре, Антон Чехов, Фёдор Достоевский, Фридрих Ницше, Иммануил Кант, Ибн Арабий, Шамс Табризий каби дунё адабиёти ва фалсафасининг буюк дарғаларидан иқтибосларни учратиш мумкин.

Маълумки, Каннда намойиш этиладиган фильмларнинг қисқартирилиши қўмита томонидан талаб қилинади, бироқ Нури Билге Жейлан фильмни қисқартирмасликни талаб қилган ва шу сабабли томошабинлар 188 дақиқалик фильмни катта қизиқиш билан томоша қилишган. Бутун фильм давомида миянгизда жуда кўп савол белгилари пайдо бўлади ва фильм охирига яқинлашган сари бу савол белгилари кўпая боради. Шунда томошабин ўзи билан баҳсга киришади. Охирги саҳнага дуч келганда эса ҳамма нарса ойдинлашишига гувоҳ бўлади. Аслида, барча саволлар ечилгани билан бу жавоблар янги саволларни туғдиради. Нури Билге Жейлан кинотеатри — онг остидаги тугунларни ечишга ундовчи фикр лабиринтидир.

Bugun — LIVE