Янгиликлар - 13:52 · 28.01.2022

Ўзбекистонда тотализаторни реклама қилувчи сайтларга кириш чеклаб қўйилди

Ўзбекистонда тотализатор ва букмекерлик рекламасини ноқонуний равишда юритувчи бир қатор сайтларга кириш чеклаб қўйилди. Бу ҳақда АОКАда 28 январь, жума куни ўтказилган брифингда маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ноқонуний бўлган тотализатор ва букмекерлик фаолияти бўйича ўтказилган 1105 та ўрганишда 102 та ҳолатда ана шундай хизматлар рекламаси аниқланган ва уларнинг барчаси бартараф этилган.

«Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда 30 дан ортиқ тотализатор ва букмекерлик рекламасини ноқонуний равишда юритувчи сайтларга кириш чеклаб қўйилди. Бу соҳадаги ишлар давом этмоқда», — деди агентлик ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева.

Шунингдек, моддий маданий мероснинг 386 та кўчмас мулк объектларида ташқи рекламани жойлаштириш бўйича ўрганишлар олиб борилган. Натижада 25 дан ортиқ ҳолатда рухсатсиз реклама жойлаштирилгани аниқланган ва уларга нисбатан тегишли чора кўрилган.

Агентлик вакилининг сўзларига кўра, дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар (БАД) ва бошқа (оздирувчи, семиртирувчи) препаратларга оид рекламалардан 95 тасида камчилик аниқланган ва бартараф этилган. Шу билан бирга, нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига 146 миллион сўм миқдорида етказилган зиён тўлиқ қоплаб берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда тотализатор ўйинларини реклама қилган 10 дан ортиқ сайтга кириш чеклаб қўйилгани хабар қилинганди. Бундан ташқари, Фарғонада таваккалчиликка асосланган тотализатор шохобчаси очганларга чора кўрилгани айтилганди.

Bugun — LIVE