Янгиликлар - 22:36 · 28.01.2022

Ўзбекистонда йирик савдо комплексларига мол-мулк ва ер солиғидан 90 фоизлик имтиёз берилади

Ўзбекистонда майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплексларига мол-мулк ва ер солиғидан 90 фоизлик имтиёз берилади. Президент бу бўйича фармонга имзо чекди.

Фото: «Bugun.uz»

Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда хизматлар соҳасини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган. Қарорга кўра, 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади.

Мазкур солиқ имтиёзи тадбиркорлик субъектлари томонидан, агар уларнинг бу бандда кўрсатилган фаолият турларини амалга оширишдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса, қўлланилади.

Шунингдек, бу бандда кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ходимлар сонини яшириш ҳолатлари аниқланганда, мазкур солиқ имтиёзининг амал қилиши тўхтатилади ва қонунчиликда белгиланган молиявий санкциялар қўлланилади.

Бундан ташқари, ҳужжатда 2022 йил 1 январдан бошлаб 2027 йил 1 январгача меҳмонхона (жойлаштириш воситалари) ва майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкалари) учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаларини 90 фоизга камайтириш назарда тутилган. 2027 йил 1 январгача янгидан қуриладиган объектларга (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкасига) нисбатан мазкур имтиёз улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 5 йил муддат давомида қўлланиши айтилган. Шу билан бирга меҳмонхоналар ва майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплексларига фойда солиғини ҳисоблашда биноларнинг қийматини икки йил давомида амортизация харажатлари сифатида чегириш ҳуқуқи берилади.

Жисмоний шахслар томонидан маҳаллалараро савдо-хизмат кўчалари бўйида жойлашган турар жой объектларини чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари нотурар жой объекти тоифасига ўтказилганда 2024 йил 1 январга қадар уларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг жисмоний шахслар учун ўрнатилган ставкасини сақлаб қолинади.

2022 йил 1 январдан уяли алоқа операторлари учун уяли алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи ставкасини 10 фоиз этиб ўрнатилади.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб қишлоқ жойларда антенна-мачта металл конструкцияларини, уларга ўрнатилган ва уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар ҳамда улар эгаллаган ер участкаларини юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этилади.

Ҳужжатда, шунингдек, қуйидагиларни божхона божидан озод этиш ҳам назарда тутилган:

телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан телекоммуникация инфратузилмасини жорий этиш лойиҳалари доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат бўйича олиб кириладиган технологик ускуналар, материаллар, дастурий таъминот ва эҳтиёт қисмлар.