Янгиликлар - 15:41 · 28.01.2022

Қашқадарёда юк машинаси устига профнастил қулаб тушди — фото

Қашқадарёнинг айрим ҳудудлари кучли шамол сабабли электрсиз қолгани ҳақида хабар берилганди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Маълум қилинишича, айни пайтда вилоятнинг айрим ҳудудларида бироз ноқулай об-ҳаво кузатилмоқда. Оқибатда вилоят ФВБга ҳозирга қадар (соат 14:53 ҳолатида) 3 маротаба дарахт ва бошқа қурилмаларнинг қулаши билан боғлиқ ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда амалий ёрдам сўраб мурожаат келиб тушган.

Фото: Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Хусусан, соат тахминан 14:20 атрофида 1050 қисқа рақами орқали Қарши шаҳридаги Оқтепа эко бозорининг том ёпмаси шамол кучи таъсирида қулагани тўғрисида хабар келиб тушган. Хабарга кўра, айтилган манзилга қутқарув хизматидан 2 та бўлинма жалб этилган. Ҳозирда қутқарувчилар томонидан вазият оқибатлари бартараф этилмоқда.

Фото: Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Маълум бўлишича, бинонинг 450 метр квадрат том қисми зарар кўрган ва бино ёнида бўлган юк автомобили устига томёпма конструкцияси қулаб тушгани маълум бўлган. Ушбу траспорт воситаси ва ҳайдовчисига ҳамда бино атрофидаги йўловчи фуқароларга ҳеч қандай тан жароҳати етмаган.