Қорақалпоғистонда ЙТҲ оқибатида 3 нафар таниқли шахс ҳалок бўлди — видео
Машиналарда бўлган яна 2 йўловчи шифохонада оғир аҳволда қолмоқда
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 3 нафар таниқли шахс ҳалок бўлди. Ҳолат юзасидан республика Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, 27 январь куни Нукус–Чимбой–Тахтакўпир йўлининг 18–19-километрида иккита «Cоbalt» қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб, тўқнашган. Оқибатда 3 киши ҳалок бўлган.
«Kun.uz»га кўра, ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар Қорақалпоғистон маданияти ва тиббиётига катта ҳисса қўшган инсонлар ҳисобланади. Улар — Ўзбекистон шифокорлар ассоциациясининг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими, «Дўстлик» ордени соҳиби Абдикерим Мамбеткаримов (79 ёшда) ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Меҳнат фахрийси» медали ҳамда «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Аманияз Жузимбетов (90 ёшда) ва Азамат Жузимбетов.
Уларнинг яқинларига Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камалов ва Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев таъзия билдирган.
Қўшимча қилинишича, машиналарда бўлган яна икки йўловчи шифохонада оғир аҳволда қолмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти чегарасида журналист Саиджон Махсумов автоҳалокатга учраб, вафот этгани хабар қилинганди.