Янгиликлар - 20:28 · 28.01.2022

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳақида гапирди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг мамлакат учун жуда кўп иш қилганини айтиб ўтди. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Фото: «Zakon.kz»

Келтирилишича, Тўқаев «Nur Otan» партиясининг навбатдан ташқари қурултой йиғилишида бу  бўйича фикр билдирган.

«Мамлакат бўйлаб турли салбий миш-мишлар тарқалаётганини биламан. Шу муносабат билан давлат раҳбари сифатида такрор айтаман. Биринчи президент мамлакатимизни кучли давлатга айлантириш учун жуда кўп ишларни амалга оширди. 90 йилларнинг бошларида таниқли сиёсатчилар Қозоғистоннинг демографик хусусиятлари туфайли мамлакат тез парчаланишини башорат қилганларида, Нурсултон Назарбоев энг мураккаб тарихий даврда давлат қурилишининг энг мураккаб миссиясини ўз зиммасига олган. Биз аввалги ютуқларимизни бой бермаслигимиз керак. Давлатимизни мустаҳкамлашимиз ва ҳар қандай синовларга тайёр туришимиз керак. Эсда тутингки, бирдамлик муваффақият гаровидир», — деган у.

Шунингдек, Тўқаев Америка президентларида ҳам, Хитой раҳбарларида ҳам камчилик бўлганини айтиб, ҳатто Сингапур етакчиси Ли Куан Ю ҳақида ҳозир ҳамма мақтовлар билан гапираётганини таъкидлаган.

«Келинг, биринчи президентнинг тарихий хизматларига ҳам ҳурмат бажо келтирайлик, унинг муваффақият ва хизматини алоҳида таъкидлаб, мумкин бўлган хатоларни мамлакатимизнинг бўлажак раҳбарларига огоҳлантириш сифатида қолдирайлик», — дейди Қозоғистон президенти.

Тўқаев фуқаролар бирлиги, ҳамжиҳатлиги, мардлиги, онглилиги туфайли давлатчилик барбод бўлишининг олди олингани, бундан ортиқ қон тўкилишига йўл қўйилмаслигини айтган.

«‘Мусибатли январь’ биз учун мустақилликнинг барча йилларида энг оғир синов бўлди, имтиҳондан муваффақиятли ўтдик. Лекин бу ҳодисаларнинг барча сабаб ва оқибатини чуқур таҳлил қилишимиз керак. Биз бошимиздан кечирган фожиадан сабоқ олишимиз керак», — деган у.

Таъкидланишича, Тўқаев бир овоздан Қозоғистоннинг ҳукмрон «Nur Otan» партияси раиси этиб сайланди.

Аввалроқ Нурсултон Назарбоев Хавфсизлик кенгашига раислик қилишдан умрбод маҳрум қилингани ва Назарбоевнинг миллиардлаб долларлик активлари ҳақида маълумот берилгани маълум қилинган.