Тошкент ҳайвонот боғида аёл кичкина қизни айиқлар қафасига ташлади
Қизнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди
Тошкент ҳайвонот боғида аёл кичкина қизини айиқлар қафасига ташлади. Бу ҳақда ҳайвонот боғнинг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, қафасдаги Кавказ қўнғир айиғи ётган ҳолда қизни темир панжарадан улоқтирган аёлнинг ҳаракатига эргашган. Меҳмонлар ва ходимларнинг уринишларига қарамай, аёлни тўхтатишнинг иложи бўлмаган ва у болани йиртқичнинг олдига ташлаган.
«28 январь куни тахминан соат 12:00 да номаълум ниятли ёш аёл жамоатчиликнинг кўз ўнгида кичкина қизни айиқлар қафасига ташлаб юборди», дейилади ҳайвонот боғи хабарида.
Таъкидланишича, айиқ секин зовурга тушиб, қизга яқинлашган, уни ҳидлагач эса узоқлашган. Ҳайвонот боғи бўлими ходимлари тезда ҳаракат қилиб, айиқни бошқа жойга жалб қила бошлаган, шундан сўнг қиз қутқарилган.
«Бола ҳамшира томонидан текширилди. Қиз йиртқичнинг тишларидан эмас, балки деярли 5 метр баландликдан қулашдан азият чекди. Дастлабки текширув чоғида унинг танасида кўкаришлардан ташқари жиддий жароҳатлар аниқланмади», дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу ҳолат сабабларини ўрганмоқда, бола шифокорлар назоратида. Тошкент ҳайвонот боғи қизга тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча харажатларни ўз зиммасига олади ва унинг тезроқ соғайиб кетишини тилайди.
Аввалроқ Фарғона вилояти Бувайда туманида кундошининг 9 ёшли қизини ўлдирмоқчи бўлиб, уни каналга итариб юборган аёл 10 йилга қамалганди. Шунингдек, Наманганда келинойиси каналга итариб юборган 5-синф қизнинг жасади топилганди.