Таҳлил - 19:00 · 28.01.2022

«Хизматини ўтаб бўлган» ҳуқуқбузарликлар ўрнига янги қоидабузарликлар киритилмоқда. Номи ҳамда мазмуни ўзгараётган Маъмурий жавобгарлик кодекси ҳақида

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси кўриб чиқиляпти. Кодекс 600 га яқин моддадан иборат бўлиши айтилмоқда. Бундан ташқари, ҳужжатда янги ном, чиқарилаётган ва киритилаётган моддалар, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш тартибидаги, маъмурий жазо турлари ва уларни ижро этиш тизимидаги такомиллашувлар ҳам акс этиши кутилмоқда. «Bugun.uz» колумнисти, ҳуқуқшунос Комрон Комилов мазкур мақолада кодекснинг янги таҳрир лойиҳаси ва ундаги ўзгаришларга тўхталиб ўтади.

Қайта номланиш

Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқбузарликлар соҳаси бўйича асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат 1994 йилнинг 22 сентябрида қабул қилинган ва «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси» деб номланган эди.

Фото: «Bugun.uz»

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, янги таҳрирда кодекс «Ўзбекистон Республикасининг Mаъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси» деб номланмоқда. Кодексга бундай ном берилиши унинг тартибга солиш предметига мос келади. Бундан ташқари, хорижий давлатлар қонунчилигига эътибор қаратсак, жумладан, уларнинг аксариятида норматив ҳужжат ўзи тартибга соладиган соҳа – маъмурий ҳуқуқбузарлик номи билан аталади. Хусусан, Ўзбекистонга ҳам тарихан, ҳам қонунчилик жиҳатидан яқин турувчи МДҲ давлатларининг деярли барчасида (Озарбайжонда Маъмурий қилмишлар тўғрисида кодекс, Қирғизистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодекс) маъмурий ҳуқуқбузарликлар Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекс билан тартибга солинади. Европа давлатларидан Германияда Маъмурий ҳуқуқбузарликлар акти, Австрияда Маъмурий жазолов кодекси номи остидаги ҳужжатлар соҳани тартибга солса, Буюк Британия, Франция каби давлатларда маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун алоҳида кодификацияланган қонун қабул қилинмаган.

Чиқарилаётган ҳуқуқбузарликлар

Ижтимоий муносабатлар бир жойда турғун турмайди, аксинча аҳоли сони кундан кунга ошиб, ҳаёт тарзи мураккаблашиб боради. Ўн йил олдин ишлаб чиқилган ҳуқуқ нормаси вақтлар ўтиб эскириб, ўз аҳамиятини йўқотиб қолиши мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарликларга кундалик ҳаётда кўплаб дуч келиниши учун соҳага янги нормалар олиб кириш, эскириб қолганларини эса чиқариш зарурати туғилади. Шундан келиб чиққан ҳолда янги таҳрирда амалда ўз аҳамиятини йўқотган ёки фуқаролик ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган 33 та маъмурий ҳуқуқбузарлик кодексдан олиб ташланмоқда.

Хусусан, кодекснинг 156-моддасида кўрсатилган автомат-телефонларни шикастлантириш ҳуқуқбузарлигини айтиш мумкин. Мобил телефонлар ҳали энди ривожланаётган вақтларда автомат-телефонлар асосий алоқа воситаларидан бўлган. Автомат-телефонларни (таксофонларни) шикастлантириш оқибатида эса уларнинг қиммати пасайиб кетган, улар ўз функционал вазифасига кўра фойдаланиш учун қайта тиклашсиз ёки тузатишсиз яроқли бўлмай қолган. Шунинг учун 15–20 йил олдин мазкур хатти-ҳаракат ҳуқуқбузарлик сифатида учраб турган. Бироқ коммуникация воситалари шиддат билан равнақ топаётган ҳозирги давр учун МЖтК 156-моддаси эскирган норма деб топилиб, кодексдан олинмоқда.

Транспортдан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш (МЖтК 141-моддаси)га нисбатан ҳам шунга ўхшаш фикр билдирса бўлади. Бугунги кунга келиб деярли қўлланмай қўйилгани ҳамда бундай ҳолатларда юзага келадиган муносабатлар меҳнат қонунчилиги билан тартибга солиниши мақсадга мувофиқлиги сабабли ушбу ҳуқуқбузарлик қонунчиликдан чиқарилмоқда.

Яна бир «хизматини ўтаб бўлган» ҳуқуқбузарлик сифатида шартнома интизомини бузиш (МЖтК 176-моддаси)ни мисол келтириш мумкин. Шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказиш амалдаги кодексга кўра, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Тарихан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 4 мартдаги фармонида иқтисодий ҳуқуқбузарликни содир қилган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чорасини қўллаш, хўжалик юритувчи субъектга етказилган мулкий зарарни айбдор мансабдор шахслар ҳисобидан қоплаш назарда тутилган. Ҳуқуқбузарлик субъекти сифатида фақат мансабдор шахслар эътироф этилган. Умуман олиб қараганда, шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар учун маъмурий ҳуқуқ соҳасидаги жавобгарлик чораси қўлланиши ҳуқуқ соҳасининг мустақиллиги, қолаверса, фуқаролик ҳуқуқи принципларига у қадар мос келмайди.

Бундан ташқари, халқаро экспертлар тавсиясига кўра, 3 турдаги ижтимоий хавфи катта бўлган ва маъмурий жавобгарлик орқали таъсир кўрсатиш самарасиз маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексдан чиқарилиб, улар учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Жумладан, ННТнинг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш, давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш, давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши кабилар. Коррупциоген хатти-ҳаракатлар учун нисбатан енгилроқ тусдаги маъмурий жавобгарликнинг қўлланиши у қадар таъсирчан чора эмас. Маъмурий жавобгарлик ижтимоий хавфлилиги паст бўлган, ғайриқонуний хатти-ҳаракатнинг характерига қараб тезкор, унча оғир бўлмаган жазо чораси орқали бартараф этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларга тайинланади. Коррупциявий ҳолатлар билан боғлиқ ҳар қандай ноқонуний ҳаракат эса жамият учун ижтимоий хавфлилиги юқори деб қараш керак.

Киритилаётган ҳуқуқбузарликлар

Жамиятда ижтимоий муносабатлар мураккаблашиб бораркан, бунда давлатнинг вазифаси тегишли ҳуқуқ нормасини қабул қилиш орқали «эндигина тандирдан узилган» муносабатларни тартибга солиб туришдан иборат бўлиши керак. Бинобарин янги таҳрирдаги кодексда эскириб қолган моддалар чиқарилиши билан бир қаторда янги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳам киритилмоқда. Хабар қилинишича, охирги вақтлардаги объектив эҳтиёждан келиб чиқиб 12 та янги турдаги ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Улардан бири пиёда ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига йўл бермаслик саналади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, ҳар йили тахминан 1,3 миллион одам автоҳалокат сабабли ўлим топади. Уларнинг орасида эса пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган вақтда содир бўлган ҳолатлар ҳам анчагина.

Пиёда ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига йўл бермаслик бутун дунёда ҳамон сақланиб келаётган ҳуқуқбузарликлардан саналади. Худди шунингдек, Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь-октябрь ойларидаги ЙТҲлар статистикасига эътибор қаратсак, 7681 та ҳолатдан 584 таси ёхуд 7,6 фоизи пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган пиёдани уриб юбориш билан боғлиқ бўлган. Хорижий давлатларга эътибор берсак, мазкур ҳуқуқбузарликни содир этиш Буюк Британияда юз фунт стерлинггача, БААда беш юз дирҳамгача, Канадада минг долларгача, Японияда эллик минг иенагача жарима ёки уч ойгача маъмурий қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин. Хорижий тажриба, рақамлар ва Ўзбекистон йўлларидаги вазиятни ҳисобга олиб айтсак, пиёда ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига йўл бермаслик учун маъмурий жавобгарликнинг ўрнатилишини тўғри қарор деб қараш лозим.

Яна бир ҳуқуқбузарлик электрон ҳисоб варақ-фактурани расмийлаштириш тартибини бузишга оид бўлмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги 522-сонли қарори билан республика ҳудудида 2020 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисоб варақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизими мажбурий тартибда жорий этилган. Қарор билан қабул қилинган ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисоб-фактуралардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомнинг 21-бандида мазкур низом талабларини бузган шахслар тегишли жавобгарликка тортилиши белгиланган бўлса-да, бунинг ҳуқуқий механизми яратилмаганди. Эндиликда ушбу низом тартибини бузган шахслар ҳуқуқбузар деб топилиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, Коррупцияга қарши кураш агентлигининг ташаббуси билан «Давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун нормаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, жумладан, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаслик ёки тўлиқ эълон қилмаслик, эълон қилиш муддати ва тартибини бузиш, маълумотларни нотўғри кўрсатганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳаси билан мазкур турдаги ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахсларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда судга тақдим этиш ҳуқуқи берилмоқда.

Иш юритиш тартибидаги такомиллашувлар

Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни юритиш яқингача жиноят-процессуал кодекси билан тартибга солиб келинган. 2017 йилда маъмурий судлар ташкил этилиб, 2018 йилда маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс қабул қилингач, маъмурий ишларни олиб бориш маълум вақт ушбу кодекс асосида амалга оширилди. 2020 йилда суд тизимида олиб борилган ислоҳотларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш яна жиноят судларига ўтказилгач, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда олдингидек фақат моддий нормалар эмас, бир қанча процессуал характердаги нормалар ҳам қўшилди.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонунчиликнинг ҳар бир принципи мазмуни очиб берилмоқда, янги қоидалар (масалан, битта маъмурий ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилмаслик) белгиланмоқда.

Янги таҳрирда амалдаги кодексда мавжуд бўлмаган исбот қилиш, далиллар тақдим этиш каби муҳим нормалар киритилмоқда. Амалдаги кодекснинг 276, 277-моддаларида далиллар ва уларга баҳо бериш тўғрисида умумий хусусиятдаги нормалар келтирилган. Бироқ исбот қилиш иштирокчилари, уларнинг исбот қилиш жараёнидаги ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланиши, далилларни тўплаш ва уларга баҳо бериш, далилларнинг мақбул эмаслиги каби масалалар эътибордан четда қолиб кетган эди. Ўз навбатида, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишда рад қилиш асослари ва тартиби ҳам ўрнатиляпти.

Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш иштирокчиларидан бири сифатида кодексга холислар ҳам киритилмоқда. Холислар тергов ёки бошқа ҳаракатлар ўтказилганини, уни ўтказиш жараёни ва натижаларини тасдиқлаб беради. Фикримизча, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни юритишда холисларнинг иштироки таъминланиши ҳуқуқни қўлловчи масъул шахсларнинг масъулиятини ортишига хизмат қилади.

Амалдаги МЖтКда экспертнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритишда иштирок этиши, экспертнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, экспертиза хулосасига оид қоидалар кўрсатилган. Бироқ айнан экспертиза тайинланиши учун асос қилиб олинадиган ҳолатлар мавжуд эмас. Масалан, жиноят-процессуал кодексининг 172-моддасига биноан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни фан, техника, санъат ёки касб соҳаси бўйича билими бўлган шахс ўтказадиган махсус текшириш орқали олиш мумкин бўлганда экспертиза тайинланади. Терговга қадар текширувни амалга оширувчининг бундай билимларга эга бўлиши экспертиза тайинлаш заруратидан озод этмайди. ЖПКда шу билан бирга экспертиза тайинланиши шарт деб кўрсатилган 9 та ҳолат қайд этилган бўлиб, мазкур талабларга амал қилмаслик процессуал хатолик сифатида баҳоланиши мумкин. Янги таҳрирдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексда ҳам экспертиза билан боғлиқ шу каби нормалар акс этиши процессуал ҳуқуқ асосларига мувофиқдир.

Ишларни кўриб чиқишда фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида маъмурий ҳуқуқбузарликларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш назарда тутилмоқда. Сўнгги йилларда мазкур институт бир қанча ҳуқуқ соҳаларига татбиқ этиб келинмоқда. Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади. Бу эса, аввало, фуқароларнинг судма-суд юриб қимматли вақти сарфланиши ва асабийлашишининг олдини олади. Ўз навбатида, фуқароларга қулайлик яратиш учун суд мажлисини видеоконференция тарзида ўтказишга оид янги тартиблар, ҳуқуқбузарликка оид иш юритиш тизимини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида ташкил этиш белгиланган.

Маъмурий жазо ва уни ижро этиш тизимидаги ўзгаришлар

Фото: «Bugun.uz»

Маъмурий жазо тизимини такомиллаштириш йўлида ўз аҳамиятини йўқотган таъсир чораларидан бири – маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш жазоси кодексдан чиқарилмоқда. Мазкур жазо чораси доирасида аввал ҳуқуқбузардан ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли мажбуран олиб қўйилиши, кейин у сотиб юборилиши ва охирида ҳуқуқбузарга тўлаб берилиши керак эди. Вақт ва сарфланадиган бошқа ресурслар туфайли ушбу жазо чорасини унча ҳам самарали деб бўлмасди. Шунингдек, коррупция ҳолатларига имкон берувчи омилларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида нақд пулда жарима ундириш тартиби ҳам бекор қилинмоқда.

Суд ҳужжатлари ҳамда бошқа орган ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида тайинланган маъмурий жазо чораларини алмаштириш тартиби белгиланмоқда. Ўз навбатида, қатъий маъмурий жарималар қайта кўриб чиқилиши кўзда тутилган. Ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ҳеч қачон қолипга солиб бўлмайди, ҳар бир ҳуқуқбузарлик уни содир этган шахс, ўша вақтдаги ички ва ташқи омилларга қараб фарқланади. Қонун чиқарувчи қонун нормасида қатъий санкцияни ўрнатиши ҳуқуқни қўллаш жараёнида муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун кодекснинг янги таҳририда жарималарнинг минимал ва максимал миқдорини белгилаш назарда тутилмоқда. Бу орқали маъмурий жазоларнинг янада либераллаштирилиши таъминланади.