Янгиликлар - 22:05 · 28.01.2022

Зеленский Байден билан 2 соат суҳбатлашди: президентлар нимани муҳокама қилди?

Украина президенти Владимир Зеленский ва Америка Қўшма Штатлари президенти Жозеф Байден ўртасида 27 январь куни телефон суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Оқ уй хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, давлат раҳбарлари Украина чегаралари атрофидаги вазиятни юмшатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар ва Украинани молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятларини муҳокама қилган. Суҳбат тафсилотларини Зеленский Twitter’даги саҳифасида маълум қилган.

«Мен Жо Байден билан узоқ суҳбатлашдим. Биз вазиятни юмшатиш бўйича олиб борилаётган дипломатик ҳаракатларни муҳокама қилиб, келажакдаги ҳаракатларни келишиб олдик», — деган у.

Украина президенти, шунингдек, Байденга АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами учун миннатдорчилик билдирган.

«Президент Байден АҚШ 2021 йили Украинага ривожланиш ва гуманитар ёрдам сифатида ярим миллиард доллардан кўпроқ маблағ ажратганини таъкидлаб, ҳозирда Россиянинг ҳарбий кучини ошириш босими остида қўшимча макроиқтисодий ёрдам кўрсатилаётганини айтди», дейилади Оқ уй баёнотида.

Шунингдек, Байден мулоқотда АҚШ элчихонаси ходимлари (айримлари) ва уларнинг оилалари кетишига қарамай, АҚШнинг Киевдаги элчихонаси очиқ ва тўлиқ ишлаётганини билдирган.

Аввалроқ Рамзан Қодиров Путиннинг ўрнида бўлганида Украинани аллақачон эгаллашини айтганди. Шунингдек, АҚШ Украина сабаб Европага қўшин юбориш муддатини маълум қилган.

Bugun — LIVE