Янгиликлар - 10:06 · 29.01.2022

Адлия вазирлиги зарарли ва ёқимсиз ҳидларни ҳуқуқий тартибга солишни таклиф қилди

Ўзбекистонда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси юқорилиги сабабли Адлия вазирлиги зарарли ва ёқимсиз ҳидларни ҳуқуқий тартибга солишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, саноат ва қурилиш соҳасидаги корхона ва ташкилотлар сони 124 489 тани (улардан 83 539 таси саноат корхонаси) ташкил этган. Уларнинг асосий фаолияти ишлаб чиқариш (қайта ишлаш)дан иборат. Ёқимсиз ҳидларни келтириб чиқариши мумкин бўлган манбалар томонидан атмосфера ҳавосига чиқарилаётган турли хил зарарли ва ўткир ҳидли чиқиндилар ҳажми ҳам шунга кўра ортади.

Шунингдек, мамлакатда атмосфера ҳавоси сифати «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Бироқ ушбу қонунда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича умумий қоидалар белгиланган, ёқимсиз ҳидлар масаласи назарда тутилмаган. Шу сабабли атроф-муҳитни зарарловчи (ифлослантирувчи) чиқиндилар билан бир қаторда ҳид таъсирининг рухсат этилган максимал даражасини ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти мавжуд.

Таъкидланишича, санитария қоидалари ва нормаларида эса атмосфера ҳавосига зарар етказувчи корхоналар фаолиятига оид белгиланган нормаларда ҳам ёқимсиз ҳид ва уларни тартибга солувчи қоидалар ўз аксини топмаган.

«Бинобарин, бу турдаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш орқали ёқимсиз ҳиднинг атроф-муҳитга таъсири олди олинади, маиший турмушда ҳид туфайли юзага келадиган ноқулайликлар бартараф этилади. Пировардида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун зарарсиз атмосфера ҳавосига эга бўлиш ҳуқуқи таъминланади. Шунга кўра, таҳлил натижалари ва бу борада ишлаб чиқилган таклифлар уларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида маъсул идораларга киритилди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда атмосфера ҳавосига корхона ва транспортлардан қанча чиқинди чиқарилгани очиқланганди.