Таҳлил - 8:30 · 29.01.2022

Амир Темур Шаҳрисабзга ер ости йўли орқали борганми? Темурнинг сирли туннеллари ҳақида

«Халқ сўзи» газетасининг 1996 йил 11 октябрь сонида қизиқ бир хабар эълон қилинган. Унда Самарқанд давлат университети доценти Муҳаммаджон Маҳмуд томонидан ҳикоя қилинган Амир Темурнинг Самарқанд шаҳридаги сирли ер ости йўллари ҳақида сўз боради. «Bugun.uz» ушбу маълумотнинг ҳаққонийлигини текшириш мақсадида мутахассисларга мурожаат қилди.

Фото: «Turktoyu»

Жумладан, муаллиф Амир Темур томонидан қурдирилган ер ости йўллари ҳақида маълумот излаганини, манбалардан ҳеч нарса топа олмаганини ва шундан кейин қарияларга мурожаат қилганини ёзган. Қарияларнинг айтиши бўйича, Темур томонидан Кўксаройдан бошланиб, Гўри Амир, «Шоҳи Зинда»га ва ҳатто Шаҳрисабзга борадиган ер ости йўллар қурдирилган. Йўл ҳарбий мақсадларда қурилгани учун сир тутилгани ва манбаларда у ҳақда ҳеч қандай маълумот учрамаслигини ҳам айтиб ўтган муаллиф.

Шунингдек, муаллиф 80 йиллар охирларида шаҳарнинг Тепақўрғон мавзесидаги қурилиш ишлари пайтида ер ости йўлларининг очилиб қолганини ва бу йўлларга кириб кўрганини ҳам ёзган. Унда жумладан шундай дейилади:

«80 йилларнинг охирларида Тепақўрғонда ҳинд бинокорлари томонидан катта меҳмонхона қуриладиган бўлди. Шунда вилоят газетаси тарихий масканни ортиқ бузмаслик, уни қадимий қўриқхона тарзида асраш, меҳмонхонани шаҳарнинг бошқа бир ерида қуриш ҳақида бонг урди. Ушбу сатрлар муаллифи ҳам ‘Сайқалга путур етказмайлик’, ‘Не разрушат исторический облик Самарканда’ номли мақолаларини эълон қилди. Бироқ газеталар овозига ҳам, жамоатчилик фикрига ҳам қулоқ солмадилар. Орадан кўп вақт ўтмай, меҳмонхона пойдеворини қазиётган экскаваторлар ер остидаги қимматли буюмлар сақланган тарихий бинони ва ер ости йўлининг бир қисмини бузганлиги ҳақида нохуш хабар тарқалди. Бордим. Атрофи ўралган қурилиш майдонини автомат кўтарган ҳинд соқчиси қўриқлар эди.

У менинг илтимосимни тушунди ва бош чайқаб, кириш мумкин эмаслигини билдирди. Пастқам бир ердан майдонга кирдим. Соқчининг таҳдидига қарамай, ер қазиётган экскаваторлар томон юрдим. Муҳандис билан гаплашиб, ер ости йўлини қўрмоқчилигимни билдирдим. Йўл анча юқорида эди. Бир амаллаб чиқиб олдим. Дастлаб рўпарадаги вилоят театри биносига қараб йўлнинг бузилган ўрнини тахминан белгиладим. Сўнг ‘Ё Соҳибқирон!’ дея йўл ичига кирдим ва ҳайратдан лол қолдим, қурилганига 600 йил бўлибдию, у ҳамон кечагидай яп-янги, кўркам ва жозибали эди. Ҳамма томони тўрт бурчакли силлиқ, қизғиш пишиқ ғиштдан ясалган, бўйи тахминан 2, эни бир ярим, устию ости юрадиган қисми ярим метр келадиган олти бурчакли бу йўлдан пиёда йўловчи боши тегмай, икки томонига юк ортилган от уринмай, бемалол юра олади. Муайян масофада тепасида ҳаво алмашадиган туйнуклари бўлган, қаршидан келаётган уловни кутиб турадиган, бўйи ва эни 2, кенглиги 5 метр келадиган бекатлар мавжуд.

Йўлни диққат билан кузатар эканман, эҳтиёткор бобокалонимизнинг нозик таъби, юксак диди ва улуғвор қиёфаси, ҳар қандай иншоотни оддий қурилиш эмас, балки бебаҳо мумтоз санъат асари даражасида ишлашни талаб қилиши, касбини мукаммал эгаллаганларни рағбатлантириб, кўзбўямачилик билан халқ бойлигини кўкка совурганларни жазолаши кўз олдимда намоён бўлди. Йўлдан катта мамнуният, ғурур ва ифтихор билан чиқдим. Шу тарзда менинг катта бир орзум ушалди — бобокалонимизнинг ер ости йўлини ўз кўзим билан кўриб, унинг борлигига тўла ишондим…».

Фото: «Azim Travel»

Муаллифнинг бизни қизиқтирган маълумотлар бўйича ҳикоясини шу ерда тўхтатиб, унинг берган маълумотлари қанчалик ҳақиқатга яқин эканлигини билиш мақсадида Темур даври билан шуғулланган олимлар ва тадқиқотчиларнинг бу борадаги фикрларига тўхталайлик.

Жумладан, тарих фанлари доктори, доцент Омонулла Бўриевнинг бизга маълум қилишича, Амир Темур даври ҳақида хабар берувчи бирорта манбада Самарқанддаги бундай йўллар ҳақида маълумот учрамайди.

«Амир Темур тарихига бағишланган асарларда ер ости йўллар ҳақида баъзи маълумотлар бор. Лекин улар Мовароуннаҳрдан ташқаридаги ҳудудларга оид. Асосан, ғарбий ҳудудларга юриши пайтида эслатилади. Аммо бизнинг ҳудуддаги ер ости йўллари ҳақида манбаларда бирор-бир маълумот кўрсатилмаган. Лекин Темур ғори, унинг машғулот ўтказган ерлари ҳақидаги халқ орасида оғзаки маълумотлар кўп. Ёзма манбаларда эса улар учрамайди. Чунки тарихий асарлар таҳрирдан ўтган ва Темур томонидан тарихчиларга қисқа ва лўнда ёзиш талаби қўйилган. Ҳар хил мақтовлардан холи бўлган асарлар ёздиришга эътибор қаратган. Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздийларнинг «Зафарнома»ларини шулар жумласига киритиш мумкин. Биз бундай маълумотларни тахмин асосида айтишимиз мумкин эмас. Бу ортиқча сохтакорликка олиб келади, тарихий реалликдан узоқлаштиради».

ЎзР ФА Шарқшунослик институти таянч докторанти Фаромарз Файзулло эса мазкур маълумот ҳақида қуйидагича фикр билдирди:

«Ўрта аср шаҳарсозлигида ҳукмдор саройи жойлашган қалъаларнинг махфий хандақлари мавжуд бўлган, албатта. Бироқ Амир Темур ва Темурийлар даври манбаларида Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарлари атрофида шаҳарлараро ёки подшоҳ саройидан қайсидир бир зиёратгоҳга олиб борувчи ер ости йўллари мавжудлиги ҳақида ҳеч бир маълумот йўқ. Бундай ривоятлар асосан халқ оғзаки ижодидан бизга етиб келган халқ қаҳрамонлари тўғрисидаги достонларда учрайди. Улар тўқима бўлиши билан биргаликда маълум даражада оғиздан оғизга ўтиб, айрим муболағалар билан қоришиб кетган. Мазкур маълумотлар илмий асосга эга эмас. Давр нуқтаи назаридан олиб қаралганда ҳам, Амир Темур ва авлодларининг қандайдир ер ости туннелларига эҳтиёжи бўлганлиги ҳақиқатдан йироқ.

Бироқ шундай бўлган тақдирда ҳам улар фақатгина заҳира омбори вазифасини ўтаган бўлиши мумкин. Энди Темурнинг доруссалтанат Самарқанд билан киндик қони тўкилган Шаҳрисабз шаҳрини ўзаро боғлаб турадиган ер ости йўлининг мавжуд бўлганлигига ишониш бу мутлақо ақл чегарасидан йироқ. Зеро, бу икки шаҳар орасидаги салкам 70 километрлик масофага ер ости йўли қуришга эҳтиёж бўлмаган, менимча. Бунинг устига, ХV асрда икки орадаги Тахтақорача довонининг йирик тошли қояларини ёриб ўтувчи техника мавжуд бўлмаган. Самарқанд шаҳри атрофидаги тилга олинган мазкур хандақлар, эҳтимол кейинги даврларга оиддир. Қўлимизда аниқ далил бўлмаганлиги сабаб мазкур хандақларни Амир Темур ёки унинг авлодлари билан боғлай олмаймиз».

Фото: «Bugun.uz»

Албатта, тарих жумбоқларга тўла. Унинг биз билмаган қанчадан-қанча сирлари мавжуд. Аммо бу сирларни очиш учун эса уларга илм билан ёндашиш лозим бўлади. Юқоридаги маълумот ва унга берилган мутахассислар муносабатидан келиб чиқадиган хулосани эса муштарийларнинг ўзларига қолдирамиз.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади