Янгиликлар - 14:14 · 29.01.2022

«Онанинг кўзларида ачиниш ҳиссини кўрмадик». Аёл қизини айиқ қафасига ташлагани бўйича қўшимча маълумот берилди

Тошкент ҳайвонот боғида 28 январь, жума куни аёл кичкина қизни айиқлар қафасига ташлагани ҳақида хабар берилганди. «Bugun.uz» мухбири воқеа жойига борди ва аслида ҳолат қандай содир бўлгани борасида «зоопарк»нинг йиртқичлар бўлими мудири Нодир Баҳромовдан изоҳ олди.

Фото: «Bugun.uz»

«Қўриқлаш хизмати ходими айиқ қафасига бола тушиб кетди дея бизга хабар берди. Зудлик билан қутқарув ишини бошладик. Бу пайтда  Зузу лақабли айиғимизни ички қафасга қамашимиз ва болага ёрдам беришимиз керак эди. 3 нафар ишчимиз болани қутқариш ишларига жалб этилган бўлса, 2 нафари айиқни чақириш билан овора бўлди. Зузуни 8–10 секунд атрофида қафасга киргизишга муваффақ бўлдик. Бу орада қиз суви йўқ ҳовуз ичида боши қонаган ҳолатда ётарди. Зудлик билан тушиб, уни қўтариб олиб чиқдик.

Кейин кимнинг боласи деб сўраганимизда ҳеч ким жавоб бермади. Болани тиббиёт бўлимига олиб бордик, унинг боши ёрилганди. Қиз онамга бораман деб йиғларди. Бироқ онаси қизига у қадар эътибор бермади. Фақатгина тез ёрдамга телефон қилишимизни, қизини олиб кетишини айтди, холос. Она кўзларида қўрқинч ёки фарзандига бўлган ачиниш ҳиссини кўрмадик. Унинг йиғламаётганини шок ҳолати деб ўйладим», — деди Нодир Баҳромов.

Мутахассиснинг айтишича, тез ёрдам келгунга қадар онадан фарзанди ва ўзи тўғрисида сўралганда, чалкаш гапирган. Яъни фарзандининг ёшида адашган, телефон рақамларини нотўғри айтган.

«Сўнгра кузатув камераларини кузатдик. Унда онаси қафас ёнига келгани, қизининг курткасини ечгани, ён-атрофга қараб, атрофдагиларга яқинлашмасликларини айтиб, қизини ташлаб юборганининг гувоҳи бўлдик», — дея қўшимча қилди у.

Нодир Баҳромов Тошкент ҳайвонот боғида 1997 йил очилганидан буён бу каби ҳолат ҳеч қачон содир бўлмаганиини қайд этди. Шунингдек, айиқ нима учун болага тегмаганли борасида муносабат билдирди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

«Биологик тарафдан қаралса, айиқ болага тегманига изоҳ беролмайман. Чунки эркак айиқ ўз боласини ҳам еб қўйиш ҳолатлари бўлади, уларда раҳмдиллик ҳисси бўлмайди. Бироқ Зузу болани боши қонаганини кўрган, қоннинг ҳидини сезган. Лекин нега унга тегмагани номаълум. Бу қизалоқнинг бахти. Бундан қолган ота-оналар ҳам керакли ҳулоса чиқаради деб ўйлайман», — деди Нодир Баҳромов.

Ҳайвонот боғи вакили «Bugun.uz» мухбирига бу воқеадан сўнг айиққа торт ва турли-ҳил мевалар беришини айтди. Бундан ташқари, қизнинг соғлиғи тиклангунга қадар унга кетадиган харажатларни ҳайвонот боғи қоплаб беришини маълум қилди.

Маълумот ўрнида, ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми «в» банди (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. ССВ айиқ қафасига ташлаб юборилган қизнинг соғлиғи бўйича маълумот берган.

Bugun — LIVE