Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги уйларнинг бирида 29 январь куни ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати
Маълум бўлишича, ҳодиса соат 07:43 атрофида шаҳарнинг Мангузар маҳалласидаги хонадонда содир бўлган. Воқеа жойига учта ёнғин-қутқарув экипажи етиб бориб, ёнғин соат 08:05 да ўчирилган.
Оқибатда ошхонанинг 9 квадрат метр шифт қисми ёниб зарарланган. Қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракати натижасида яшаш уйи ёнғиндан сақлаб қолинган. Бунинг оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Аввалроқ Самарқанддаги уйларнинг бирида ёнғин содир бўлганди. Шунингдек, Тошкентдаги омборхона ёниб кетгани хабар қилинганди.