Рейтинглар, Янгиликлар - 18:00 · 03.02.2022

Рейтинг. Бой блогерлар: реклама нархлари энг қиммат Telegram каналлари (+ нархлар)

Telegram’да ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий мавзулар муҳокамасида фаол, ўз обуначиларига саъвияли контент тақдим этиши билан аҳамиятли блогерлик каналлари кўпгина. Кўпчиликнинг хаёлидан бу блогерлар нега ўзларининг асосий вақтларини шу ишга бағишлаши, бундан ўзи нима фойда эканлиги ҳақида фикр ўтиши тайин. Бугунги рейтингимизда биз мана шу саволга жавоб берамиз — Ўзбекистоннинг топ-Telegram блогерларининг каналларида реклама бериш нархлари ҳақида маълумот улашамиз.

Фото: «Bugun.uz»

1. «Troll.uz» — 2015 йил 3 октябрда ташкил қилинган, фаолиятини шу йили 15 декабрдан фаол бошлаган канал ҳозирда 94 минг обуначига эга. Каналдаги ҳар бир пост ўртача 78,5 минг марта кўрилади. Унда чиқарилган постлар кўпгина бошқа каналларда улашилади, эслаб ўтилади. Мазкур кенг қамровли Telegram каналида бир реклама нархи — 5 миллион сўм.

2. «Эффект Макаренко» — камдан-кам Telegram каналларида мавжуд «галочка»га эга мазкур каналда обуначилар сони 22 мингга яқин. 2018 йил 30 ноябрда ўз фаолиятини бошлаган журналист Никита Макаренко каналидаги постлар ўртача 17 минг марта кўрилар экан. Каналда реклама бериш нархи — 4 миллион сўм.

3. «Наблюдения под чинарами» — Чинор остидаги кузативчининг фаолияти анча илгарироқ, 2016 йил 9 сентябрда бошланган. Каналда обуначилар сони 11,2 мингдан ортиқ. Каналдаги постлар ўртача 7 минг марта кўрилади. Реклама нархи — 3 миллион сўм.

4. Хушнудбек Худойбердиев канали. «Галочка»га эга, 448 мингдан ортиқ обуначини қамраб олган йирик Telegram каналларидан бири 2018 йил 8 майда фаолиятини бошлаган. Ўшанда «каналда нимадир ёзишга вақтим бўладими ўзи, йўқми, буни ўйлаб кўрмадим» деб ёзган экан блогер. Бугун эса ўзининг асосий вақтини шунга сарфлаётгани аниқ. Каналда бир постнинг ўртача ўқишлар сони 241,9 мингга тенг. Реклама нархи — 2,9 миллион сўм.

5. «davletovuz» 2017 йил 5 апрелда Telegram рўйхатидан ўтган мазкур каналда 59 мингга яқин обуначи бор. Бир постнинг ўртача кўришлар сони 41,7 минг марта. Каналда асосан сиёсий мавзулар таҳлили бериб борилади. Реклама нархи — 2,7 миллион сўм.

6. «Bank va Mijoz» Telegram каналига 2018 йил 16 апрелда асос солинган. Бугунги кунда 30 мингдан ортиқ обуначига эга. Иқтисодий мавзуларда фикр юритиладиган каналда ўртача кўришлар сони 19,1 минг марта. Реклама нархи — 1,4 миллион сўм.

7. «Муҳрим». Муҳримхон Аъзамхўжаев блоги 12,5 минг обуначига эга. 2018 йил 19 августда рўйхатдан ўтган каналда ҳар бир пост ўртача 26,6 минг марта кўрилади. Каналда реклама бериш нархи — 1 150 000 сўм.

8. «Файзбоғ». Ижтимоий-сиёсий мавзулар муҳокамасида машҳур ва фаол мазкур канал 21,5 мингга яқин обуначига эга. 2017 йил 9 августдан бери фаолият олиб боради. Мазкур лойиҳанинг Telegram саҳифасида реклама бериш нархи — 1 050 000 минг сўм.

9. «Даврон Файзиев». Яна бир «галочка»ли канал спорт шархловчиси, журналист ва телебошловчи Даврон Файзиевнинг расмий Telegram саҳифасидир. Канал 2019 йил 22 мартда ташкил қилинган ва 7 ноябрда қизғин фаолиятини бошлаган. Каналда бир пост учун кўртача кўришлар сони — 60 минг. Каналда реклама бериш нархи — 950 минг сўм.

«Банкир кундалиги». Бу галги рейтингимиздан икки нафар иқтисодий лойиҳа ўрин олди. «Банкир кундалиги»да 58 мингдан ортиқ обуначи бор. Канал 2019 йил 28 мартдан ўз ишини бошлаган. Каналда бир кунда ўртача 4 та пост жойланади ва уларнинг ҳар бири учун кўришлар сони 41,4 мингни ташкил этади. Каналда реклама бериш нархи — 950 минг сўм.

10. «Нурбек Алимов». Блогер Нурбек Алимовнинг Telegram канали ёшлар орасида анчайин машҳур. 2019 йил 11 апрелда фаолиятини бошлаган канал юқорида номи тилга олинган каналлар ичида энг ёшларидан бири ҳисобланади. Нурбек Алимов блогини 24,5 мингга яқин обуначи кузатади. Бу ерда сиз ижтимоий муносабатлар, сиёсат, фалсафа, тарих, китобхонлик бўйича фикрларни ўқиб боришингиз мумкин. Каналнинг бир пости учун кўришлар сони ўртача 12 минг марта. Реклама нархи — 850 минг сўм.

Telegram канали юритишдан нима наф, бундан кимга ва нимага фойда деган саволни қизғин муҳокама қилувчилар кўриб турганидек, бу каналлар нафақат кишиларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий саводхонлигини оширишга хизмат қилмоқда, уларни танқидий фикрлашга ўргатмоқда, балки муаллифларнинг ўзлари учун ҳам моддий таянч вазифасини ўтамоқда. Бизда ҳозирча шулар. Яна рейтинглашгунча деб қоламиз!

Bugun — LIVE