Тожикистон фуқароларини Қирғизистонга бормасликка чақирди
Шунингдек, қўшни давлат ҳудудидан йўловчи ва юк олиб ўтмаслик сўралган
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларидан Қирғизистонга бормасликни сўради. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Маълум қилинишича, тожикистонликлардан қўшни давлат орқали бошқа давлатларга саёҳат қилишдан воз кечишга чақирилган. Тадбиркорларга Қирғизистон ҳудуди орқали йўловчи ва юк олиб ўтмаслик, ишбилармонларга муқобил йўлларни танлаш маслаҳат берилган.
Таъкидланишича, мазкур чора-тадбирлар қўшни давлат ҳокимиятининг қарори билан боғлиқ. 2021 йилнинг май ойида Қирғизистон ҳукумати ҳеч қандай огоҳлантиришсиз тожикларнинг киришини ва айрим назорат-ўтказиш пунктлари орқали юк олиб ўтишни тақиқлашга қарор қилган.
«Қирғизистон ҳудудида фуқароларимизга нисбатан ҳуқуқлар бузилган ёки уларга нисбатан нотўғри ҳаракат кузатилган тақдирда, улар Бишкекдаги Тожикистон элчихонасига мурожаат қилиши мумкин», дейилади ТИВ хабарида.
Шунингдек, Тожикистон Ташқи ишлар вазирилиги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларга мурожаат қилган. Улардан бир қатор муаммолар туфайли Қирғизистонга бормаслик сўралган.
Аввалроқ қирғиз-тожик чегарасидаги вазият нотинч деб баҳоланганди. Шунингдек, томонлар чегарада дрон учирмасликка келишиб олганди.