Хоразмда Президентни ҳақорат қилган эркак 3 йилга озодликдан маҳрум этилди
Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани суди фуқаро С.Б.га Президентни ҳақорат қилгани учун 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг хабар беришича, 31 ёшли фуқаро Telegram’даги «Блогерлар бирлашмаси» гуруҳига аъзо бўлиб, мазкур гуруҳда Ўзбекистоннинг собиқ ҳамда амалдаги Президентларини ҳақоратловчи ва обрўсизлантирувчи мазмунда тўғридан тўғри видео материаллар эълон қилган.
Суд-лингвистик экспертиза хулосасига кўра, материаллар Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисмида (Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақоратлаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликни ифодалайди. Айблов хулосасига кўра, фуқаро мазкур жиноятни оғирлаштирувчи, яъни маст ҳолатда такроран содир этган.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 158-моддасига киритилган қўшимчага асосан, Ўзбекистон Президентини интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мавзуга доир: «Ҳақорат қонунлари» — давлат раҳбарларини ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган мамлакатлар
Аввалроқ Ўзбекистонда Президентни интернетда ҳақоратлаган ёки унга туҳмат қилган шахс 5 йилгача қамалиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
