Интервьюлар - 20:00 · 09.02.2022

«Биз нафақат ковид, балки кариес пандемиясида ҳам яшаяпмиз» — стоматолог билан суҳбат

9 февраль халқаро миқёсда стоматологлар куни сифатида нишонланади. Ушбу заҳматкаш касб эгаларисиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Орамиздаги ҳар бир киши ҳаётида ҳеч бўлмаганда бир маротаба тиши билан боғлиқ муаммо туфайли стоматолог қабулида бўлган деб ҳисоблаш мумкин. Ушбу сана муносабати билан «Bugun.uz» колумнисти Шаҳбоз Ҳасанов стоматолог-врач Муҳаммаджон Абдураҳмонов билан суҳбатлашди. Қуйида стоматолог тишларда учрайдиган асосий касалликлар, зарарли ичимликлар, тиш пасталари ҳамда уларнинг фарқи, тиш имплантлари ва стоматологик хизматларнинг нархи нима учун қимматлиги ҳақида ўқишингиз мумкин.

Фото: Муҳаммаджон Абдураҳмоновнинг шахсий архивидан

Нега айнан стоматология?

— Тиббиёт соҳаси менга бегона эмас. Отам тажрибали врач-хирург сифатида фаолият олиб боради, шунингдек, амакиларим ҳам тиббиёт соҳасида. Ёшлигимдан касалхонанинг ўзига хос ҳавосидан нафас олиб, тиббиёт муҳитида улғайганман. Мактабга 1-синфга боришимдан олдиноқ врач бўлишга қарор қилган эдим. Кейинчалик отам билан маслаҳатлашиб, тиббиётнинг ушбу соҳаси йўлидан кетдим.

Тишларда учрайдиган асосий касалликлар

— Тишларда энг кўп учрайдиган касаллик, шубҳасиз, бу кариес. Биз ҳозирда нафақат ковид пандемияси, балки кариес пандемияси даврида ҳам яшаяпмиз. Дунёдаги 2,3 миллиард киши кариесдан азият чекади. 500 миллион бола эса сут тишларининг кариеси билан касалланган. Бу жуда катта кўрсаткич. Тиш ва унинг атрофидаги тўқималарда учрайдиган касалликларга пародонтит, пародонтоз кабилар, патологик емирилишлар, тишларнинг қийшиқ чиқиши ёки чиқмай қолиши ва нормадан кўп миқдорда тиш чиқиши кабиларни мисол қилиш мумкин.

Тиш учун зарарли ичимликлар

— Бу саволга қатъий ва аниқ жавоб берилса, кишилар чой ва сувдан бошқа нарсани ичмай қўйса керак. Авваламбор, меъёрга ва вақтга амал қилиш лозим. Тишлар учун энг зарарли ичимлик сифатида газли ичимликлар, турли хил бўёқ моддалар қўшилган ичимликлар биринчи ўринни эгалайди. Газли ичимликлардаги шакар кариес пайдо бўлишини тезлаштиради. Ундан кейин эса кофе ва қора чой — бу иккаласи тишларнинг сарғайишига олиб келади.

Шу ўринда рационда қора чойдан кўра кўк чойни кўпайтиришни маслаҳат бераман. Чунки кўк чойда бўёқ моддалар йўқ. Шарбатлардан, айниқса, таркибида цитрус мевалар сақлаганлари нисбатан зарарли. Сабаби уларнинг таркибида ўювчи моддалар бор ва бу тиш эмалига жиддий шикаст етказади. Санаб ўтилган ичимликлар қабул қилингач, тишларни ювиш, агар бунга имкон топилмай қолса, сув билан чайиб ташлаш керак.

Фото: Муҳаммаджон Абдураҳмоновнинг шахсий архивидан

Тишларнинг иссиқ ва совуққа сезувчан бўлиб қолиши ҳақида

— Тишларнинг сезувчан бўлиб қолишига юқорида таъкидлаганимдек, ҳар хил ичимликлар, овқат рационидаги кислота сақлаган маҳсулотлар сабаб бўлади. Шуниндек, апельсин, ананас, лимон каби цитрус меваларни кўп истеъмол қиладиганларда ҳам бу нарса тез-тез кузатилади. Бундан ташқари, ёш ўтиб бориши билан келиб чиқувчи пародонтоз касаллиги, милкларнинг яллиғланишида ҳам сезувчанлик пайдо бўлади. Ушбу ҳолатда стоматолог маслаҳати билан иш кўришни тавсия қиламан.

Тиш пасталари

— Фойдаланаётган тиш пастасини ўзбошимчалик билан бошқасига алмаштиришни тавсия қилмаган бўлардим. Стоматологга учрашиб, унинг маслаҳатига кўра алмаштириш мумкин. Ҳар 6 ойда врач кўригида бўлиш орқали тиш пастаси ўзгартириб турилиши нормал ҳолат. Инсон организми ўзгарувчан. Оғиз бўшлиғида қандай касаллик ривожланишига қараб, врач керакли тиш пастасини буюради. Масалан, тишлари сезувчан бўлиб қолган киши оғиз бўшлиғи яллиғланишига қарши фойдаланиладиган тиш пастаси ишлатса, бундан ҳеч қандай эффект кўрмаслиги аниқроқ. Оғиз бўшлиғида ҳеч қандай касаллик риволанмаётганига амин бўлган киши стандарт тиш пастасидан фойдаланиб юрса бўлади.

Яхши ва сифатли маҳсулот арзон турмайди. Оғиз бўшлиғида мўътадил муҳит бўлганда фтор сақловчи пасталардан фойдаланган яхшироқ. Чунки фтор кариеснинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Тиш пастасидаги яна бир муҳим жиҳатни айтмоқчиман: пастанинг бир бурчагида маркаси бўлади, яъни қизил, қора, яшил ва мовий рангдаги белгилар бўлади.

Яшил ранг тиш пастасининг табиий маҳсулотлар асосида тайёрланганини, қизил ранг 50 фоизгача табиий маҳсулот қўшилганини, кўк ранг эса 20 фоиз табиий маҳсулот ва 80 фоиз синтетик қўшимчалар сақлашини билдиради. Қора ранг эса 100 фоиз синтетик маҳсулотлар асосида тайёрланганидан дарак беради. Синтетик тиш пасталари кўпроқ уй шароитида тишларни оқартириш учун мўлжалланган. Буни фақат мутахассис маслаҳати билан фойдаланган маъқулроқ. Тиш шёткаларига келсак, уларнинг бир неча хил турлари бор ва одатда ўртача қаттиқликдаги тиш шёткаларини ишлатиш керак. Тиш шёткаларини бир йилда 5–6 мартагача алмаштириб туриш шарт.

Ҳомиладорлик даврида тиш даволатиш ҳақида

— Аслида ҳомиладорлик тишларни даволатиш учун нисбий қарши кўрсатма ҳисобланади. Лекин эҳтиёж бўлиб қолганда яъни биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлиб қолганда, масалан, кучли оғриқ пайдо бўлганда ҳомиладорлик фактори четлаб ўтилади. Яъни тиш олиб ташланмаса ёки нерв толалари олинмаслиги ортидан келиб чиқадиган ёқимсиз ҳодисалар рўй бериши мумкин. Оғриқ қолдирувчи инъекцияларни танлашда иложи борича зарарли таъсири кам бўлганини танлаш керак. 3-триместрда оддий терапевтик муолажалар олиб борилиши мумкин.

Тиш имплантлари ҳақида

— Тиш имплантлари — йўқотилган тиш ўрнини тўлдиришнинг энг оптимал варианти. Имплантлар, асосан, титандан тайёрланади. Имплант буралувчи михга ўхшаш ҳолатда бўлади, суякка қотирилади ва тиш илдизи вазифасини бажаради. Унинг чиқиб турган ташқи қисмига эса тиш қопламаси қўйилади. Бу 3 ойдан 5 ойгача муддатда бажарилади.

Имплантларнинг хизмат қилиш муддати аниқ белгиланмаган. Агарда ҳаммаси тўғри бажарилса, 30–40 йил ёки ундан узоқроқ муддатга ҳам хизмат қилиб беради. Бунда организм ҳолати ҳам катта роль ўйнайди. Ўзбекистон шароитида нархлар тахминан 2 миллион сўмдан бошланади. Врач сифатида имплантлардан фойдаланишни тавсия қиламан. Чунки ҳар бир йўқотилган тиш ошқозон-ичак тракти касалликлари пайдо бўлишида кичик омил бўла олади.

Фото: «Vimontale»

Стоматологик хизматлар нархи нега қиммат?

— Хизмат нархларининг баландлигига асосий сабаб, ўзимизда стоматологик асбоблар ва хом ашё материаллари ишлаб чиқаришнинг жуда камлиги. Стоматология соҳаси тиббиётдан анчагина илгарилаб кетган. Техника ютуқларидан кўп фойдаланилади. Қурилмалар кўпи четдан келтирилади ва нархи жуда қиммат. Ундан ташқари ижара тўловлари ва шунга ўхшаш бир неча факторлар нархларга таъсир кўрсатади.

Қишлоқ ва шаҳар шароитлари ўртасидаги фарқ(лар)

— Қишлоқ шароитида фаолият юритиш сал бўлса-да қийинчилик туғдиради. Чунки аҳолининг кўп қисми доимий иш ўрнига эга бўлмаслиги, тиббий ахборот оқимининг етишмаслиги, хусусий клиникалар камлиги сабабли танловнинг торлиги кабилар ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Шунингдек, бажариладиган операциялар турлари, тиббий маданият бўйича тафовутни айтиб ўтиш мумкин. Тиббиёт ходимлари чекка ҳудудларда ҳам тиббий маданиятни шакллантиришга ўз ҳиссасини қўшиши шарт.

Стоматолог врач Муҳаммаджон Абдураҳмоновдан ўқувчиларга тавсия

— Аввало, ҳар 5–6 ойда стоматолог кўригида бўлиб туриш керак. Иложи борича, битта стоматологга боришни, мутахассиснинг ёшига қараб: «бу врачда амалиёт катта, чунки йиллаб тажриба тўплаган», — деб эмас, уни тавсия қилган одамдан ёки танишларидан обдан суриштириб, кейин боришни тавсия қилган бўлардим. Чунки ҳар бир соҳада бўлгани каби, бизнинг соҳада ҳам савияли ва савиясиз кадрлар бор. Битта стоматолог қабулига боришнинг энг яхши тарафи — врач оғиз бўшлиғи ҳолатидан хабардор бўлиб туради, бажарган ишларини билади.

Bugun — LIVE