«Менинг бу ерга келганим баландпарвоз намойиш эмас». Президент Самарқанддаги кўзи ожизлар мактабига борди
Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги 59-кўзи ожиз болалар мактаб-интернатига бориб, у ердаги шароитларни ўрганди. Бу ҳақда журналист Азиза Қурбонова хабар берди.

Таъкидланишича, ўқитувчилардан бири ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиясини қайта ҳисоблаш муддатини ёшартириш масаласини кўтарган. Президент бу масалада ижтимоий адолат ўрнатилишини айтган.
Яна бир ўқитувчи — Нигора Маликова эса ўзи шу мактабни битиргани, 2003 йилда Шавкат Мирзиёев ҳоким бўлган пайтида бу ерга келганини эслаган. Ўқитувчи иккала фарзанди ҳам шу ерда экани, ўз фарзандлари мисолида бошланғич синфларда кўзи ожиз болалар яхши таълим олиши кераклиги, бунинг учун 2009 йилдан буён янгиланмаётган брайл ёзувидаги айрим ўқув дарсликларини қайта ишлаш зарурати ҳақида сўзлаган.
Шавкат Мирзиёев бунга жавобан нафақат мактаб, олий ўқув юртлари дарсликларини ҳам брайлга кўчириш, компьютер дастурларини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб борилишини айтган. «Ҳеч қачон кўзингизда ёш бўлмасин, менинг бу ерга келганим баландпарвоз намойиш эмас, сизни қийнаётган муаммоларни ўзим билгани ва ҳал қилгани келдим», — деган Президент.
Шунингдек, 59-мактаб-интернат қошида кўзи ожиз болалар учун мактабгача таълим ташкилоти очиш бўйича ҳам алоҳида топшириқ берилган.
Аввалроқ Президент Имом Бухорий ва Ислом Каримов қабрларини зиёрат қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Самарқанд халқаро аэропортини кўздан кечиргани хабар қилинган.