Рейтинг. «Бирлик»дан «Бутун Осиё онаси»гача: дунёдаги энг баланд ҳайкаллар (+фото)
Рукннинг бугунги сонида энг йирик монументлар ўнлиги билан танишамиз
Ҳайкаллар кишилик жамияти маданиятининг ажралмас бўлагидир. Бу ўзига хос санъат намуналарига ҳар қачон ва ҳар ерда дуч келишимиз тайин. Аммо кўпчилигимиз уларнинг ўзига хос тарихига бефарқ бўламиз. Бугунги рейтингимизда сиз билан дунёдаги энг баланд ҳайкаллар тўғрисида гаплашамиз.
1. «Бирлик» дунёдаги энг баланд ҳайкал бўлиб, унинг бўйи 182 метрни ташкил қилади. Ҳайкал Ҳиндистоннинг Гужарат штатида, Нармада дарёси бўйида жойлашган. Ҳайкални барпо қилиш лойиҳаси биринчи марта 2010 йилда эълон қилинган ва қурилиш ишлари 2013 йил октябрь ойида Ҳиндистоннинг «Larsen&Taubro» компанияси томонидан бошланган.

Умумий қурилиш қиймати 422 миллион АҚШ долларини ташкил қилган. Унинг дизайни ҳинд ҳайкалтароши Рам Сутар томонидан ишлаб чиқилган ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди томонидан 2018 йил 31 октябрда ҳинд сиёсатчиси Валлабҳаи Пател таваллудининг 143 йиллиги муносабати билан очилган.
2. Будданинг баҳорги ибодатхонаси ҳайкали ҳам ўта баҳайбат ҳайкал бўлиб, Хитойнинг Ҳенан провинциясида 1997–2008 йиллар оралиғида қурилган. Ҳайкалнинг 25 метрли тахтидан ташқари 128 метрли жуссаси уни «Бирлик» ҳайкалидан кейин дунёнинг энг узун ҳайкалига айлантирди. Лойиҳанинг умумий қиймати тахминан 55 миллион долларни ташкил этади. Ҳайкал оғирлиги 1000 тонна бўлган 1100 дона мис қуймасидан иборат экани тахмин қилинади.

Будданинг баҳорги ибодатхонаси ўз номини шу яқин атрофдаги Тианруи иссиқ булоғидан олган, унинг суви 60°С ҳароратга эга бўлиб, ўзининг шифобахш хусусияти билан машҳур.
3. Лайкюн Секкя Будда ҳайкали 2018 йил ҳолатига кўра, 116 метр баландлиги билан дунёдаги учинчи энг йирик ҳайкалдир. Гаутама Будда ҳайкали Мьянманинг Монйва шаҳри яқинидаги Хатакан Таунг қишлоғида жойлашган, у 13,5 метр баландликдаги тахт устига қурилган. Ҳайкал қурилиши 1996 йилда бошланган ва 2008 йил 21 февралда якунланган.

4. «Эътиқод» ҳайкали. Баландлиги 106 метр бўлган дунёдаги энг баланд Шива ҳайкали 2019 йилнинг август ойида қуриб битказилган. Ҳиндистонда жойлашган мазкур баҳайбат ҳайкални қуришда 2200 тоннага яқин пўлат ишлатилган. Ҳайкал атрофида 300 квадрат/метр майдонда боғ барпо этилган.

Шива ҳайкали шунчалик баландки, уни 20 километр узоқликдаги Канкроли эстакадасидан кўриш мумкин. Таъкидланишича, ҳайкал минтақадаги йирик сайёҳлик маскани сифатида қурилган.
5. Ушику Даибутсу Япониянинг Ирараки префектурасида жойлашган ҳайкал бўлиб, 1993 йилда қуриб битказилган, баландлиги 100 метрни (10 метрли пойдевор ва 10 метрли лотус платформасини қўшиб ҳисоблаганда 120 метр) ташкил этади. Ҳайкал 1993 йилдан то 2008 йилгача энг баланд ҳайкал рекордини ўрнатган.

Лифт ҳайкални кўриш учун ташриф буюрувчиларни кузатув қаватига, 85 метр баландликкача олиб чиқади. Будда тасвири ифодаланган ҳайкал бронзадан ясалган. У буддизмнинг «ҳақиқий соф ер мактаби» асосчиси Шинран таваллуд топган кунни хотирлаш мақсадида қурилган.
6. Сендаи Даиканнон. Расман Сендаи Тендоу Бякуэ Даиканнон номи билан танилган Японияда жойлашган мазкур ҳайкал дунёдаги энг баланд ҳайкалларидан бири ва Япониядаги энг баланд маъбуда ҳайкалидир. 1991 йил қуриб битказилган ҳайкал 2018 йил ҳолатига кўра, 100 метр баландлиги билан дунёдаги энг йирик бешинчи ҳайкал бўлган.

Энди қуриб битказилган пайтда у дунёдаги энг баланд ҳайкал эди. Ҳайкалда Бякуэ Каннон номи билан танилган, «Оқ халатли Каннон» деган маънони англатувчи, қўлида синтамани марваридини кўтариб турган Бодҳисаттва Канноннинг кўриниши тасвирланган. Ҳайкал ўрнатилган ҳудудга томоша қилгани кириш учун кичик тўлов мавжуд.
7. Минг қўл ва кўзли Гуишан Гуанйин ҳайкали баландлиги 99 метр бўлган Хитойдаги тўртинчи, дунёдаги еттинчи йирик ҳайкалдир. Унинг усти бронза қатлам билан қопланган. Ҳайкал Хитойнинг Хунан провинцияси маркази бўлмиш Чангша шаҳрида жойлашган.

Нингшан округи ҳукумати маҳаллий тадбиркорлар ва диний ташкилотлар ёрдамида 2009 йилда ҳайкал қурилишини якунлаш учун 260 миллион юань сармоя киритган.
8. Буюк Таиланд Буддаси. 2018 йил ноябрь ойида Таиланддаги энг баланд, Жанубий-Шарқий Осиёдаги иккинчи энг баланд ва дунёдаги саккизинчи энг баланд ҳайкалнинг қурилиши якунланди. Анг Тҳонг провинциясидаги Ват Муанг ибодатхонасида жойлашган бу ҳайкалнинг баландлиги 92 метр ва кенглиги 63 метрни ташкил қилади.

Қурилиш ишлари 1990 йилда бошланган бўлиб, у бетондан қилинган ва олтин рангига бўялган. Ҳайкал Таиланд қироли Пҳумибол хотирасига бағишлаб Ват Муанг ибодатхонасининг биринчи аббати Пҳра Кру Вибул Аржарахун буйруғига биноан қурилган. Ҳайкал садоқатли буддистларнинг хайр-эҳсон қилинган пулларидан фойдаланган ҳолда тикланган. Ҳайкалга сарфланган бюджет тахминан 104,2 миллион бат эди.
9. «Кита но Мияко» боғидаги Даи Каннон ҳайкали Япониядаги учинчи энг баланд ҳайкалдир. Узунлиги 88 метрни ташки этувчи мазкур ҳайкални барпо этишни режалаштириш 1975 йилда бошланган ва қурилиш ишлари 1989 йилгача давом этган.

Ҳайкал ичи 20 дан ортиқ қаватдан иборат бўлиб, лифтли, қаватларида жами 8 та зиёратгоҳ ва ибодатхона, ташриф буюрувчиларга ҳудуднинг панорамали кўринишини тақдим этадиган платформа мавжуд.
10. «Бутун Осиёнинг онаси» — Тинчлик минораси — Филиппиннинг Батангас шаҳри Монтемариа номли беш гектарлик зиёратгоҳичида жойлашган Бокира Марям ҳайкали ва зиёратгоҳи. Баландлиги 88 метрни ташкил этувчи «Бутун Осиёнинг онаси» ҳайкали қиёфаси ҳайкалтарош Эдуардо Састрилло томонидан ишланган ва у бетон ҳамда темирдан ясалган.

Мазкур ҳайкал Венесуэладаги Тинчлик бокира ҳайкалини ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик Биби Марям ҳайкалига айланган. Ёдгорлик кенглиги тахминан 12 минг метр/квадрат бўлган яшаш учун мўлжалланган қаватларга эга. Унинг биринчи қаватида муқаддас Иоанн Павел II зиёратгоҳи жойлашган.
Ёдгорликнинг бошқа объектлари: зиёфат заллари ва учинчи қаватида 12 Мариан ибодатхонаси, тўртинчи қаватда овқатланиш зали, бешинчи қаватда иккита мини театр, конференция зали, шунингдек, Осиё мамлакатлари байроқлари туширилган балкон, олтинчи ва ўн еттинчи қаватда кўриниш палубаси ва еттинчидан ўнинчи қаватгача савдо ва турар жой бинолари жойлашган.
Рейтингимизни якунлар эканмиз, Москвадаги 4,5 метрли бронзадан ишланган Алишер Навоий ҳайкали, 2 метрли бронза ва гранитдан ясалган Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалини ҳам эслатиб ўтишни лозим топдик. Бизда ҳозирча шулар. Яна рейтинглашгунча, деб қоламиз!