Тошкентдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига ўқитувчи зўравонлик қилгани аниқланди
Бола қўрқув сабаб ҳолат ҳақида ҳеч кимга айтмаган
Тошкентдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига ўқитувчи зўравонлик қилгани аниқланди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.

Маълум қилинишича, 2022 йил январь ойида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Тошкент шаҳрида жойлашган 21-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган А. исмли болага Б. исмли (эркак) тарбиячиси куч ишлатиб, жисмоний тазйиқ ўтказаётгани ҳақида маълумот келиб тушган. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказган.
Натижада тарбияланувчи А. билан суҳбат ўтказилганида у юқоридаги ҳолатларни тасдиқлаган. Унинг ўнг тирсак соҳаси лат еб, кўкаргани маълум бўлган. Шунингдек, тарбияланувчининг сўзларига кўра, навбатчи тарбиячи юқоридаги ҳолат бўлишидан олдин ҳам бир неча маротаба унинг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган. Бироқ у қўрқув остида ушбу ҳолатлар ҳақида ҳеч кимга мурожаат қилмаган.
Қайд этилишича, мониторинг жараёнида тарбияланувчининг танаси шифокорлар иштирокида кўздан кечирилганда кўкарган яралар борлиги, сўзларига кўра, бош қисмида ҳам оғриқ мавжудлиги аниқланган. Тарбияланувчи А. навбатчи ҳамширанинг олдига тушиб, ўнг кўлининг лат еб, кўкарган тирсак қисмига суртма дори сурдирганлик ҳолати «Амбулатор журнали»да қайд этилмагани ҳам маълум бўлган.
Шундан сўнг Бош прокуратурага ҳолатни ўрганиб, вояга етмаган шахсга нисбатан тан жароҳати етказилганига ҳуқуқий баҳо берилиши сўралган. Шу билан бирга, келгусида А.га нисбатан бўлиши мумкин бўлган турли хил тазйиқ ва бошқача таъсирларнинг олдини олиш мақсадида навбатчи тарбиячини меҳнат қонунчилигига мувофиқ, вақтинчалик ишдан четлатиш масаласи кўриб чиқилиши учун Халқ таълими вазирлигига хат киритилган.
Аввалроқ Тошкентда Меҳрибонлик уйи битирувчилари орган ходимлари томонидан калтаклангани айтилган хабарга изоҳ берилганди. Шунингдек, Фарғонада Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси вафот этгани айтилган ҳолат Сенат назоратига олинганди.