Андижондаги мактабда оммавий муштлашув бўлгани айтилмоқда — видео
Вилоят ХТБ ҳолат юзасидан Bugun.uz’га маълумот берди
Андижон вилояти Асака туманидаги 59-мактабда 9-синф ўқувчилари оммавий муштлашгани акс этган видео тарқалди. Вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га маълумот берди.

Таъкидланишича, 10 февраль куни 2-соат дарс машғулотлари оралиғида соат 9:35 да (катта танаффус вақтида) мактабнинг 9-синф ўқувчилари О.М ва Б.Х. иштирокида ўзаро келишмовчилик сабаб юзага келган. Шу заҳоти мактаб маъмурияти томонидан жанжалга барҳам берилиб, ўқувчилар дарсларга киритилган.
Дарс машғулотларидан сўнг мактаб маъмурияти томонидан участка инспектори, мактаб психологи ва ҳолат иштирокчиси бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида профилактик суҳбат ташкил этилган. Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текшируви жараёнида ўқувчилар ва ота-оналари иштирокида ўтказилган суҳбат давомида улар ўзаро яраштирилган.
Хизмат текшируви якунида ўқувчиларнинг одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилмагани ва мактабда жанжалли ҳолатни юзага келтиргани учун уларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик)га асосан маъмурий жавобгарлик қўлланилган.
«Юқоридаги ҳолат оммавий муштлашув эмас, икки ўқувчи ўртасидаги зиддият. Ҳолатга ўша заҳоти барҳам берилган», — дейди ХТБ матбуот котиби.
Аввалроқ Термиз давлат университетида бир талабанинг бошқасига туртилиб кетгани сабаб талабалар муштлашгани ҳақида хабар берилганди.