Ҳиндистонда сайёҳлар учун ўрнатилган ковид чекловлари ўзгарди
Мамлакатга эмланмаганлар ҳам ташриф буюриши мумкин
Ҳиндистон 14 февралдан бошлаб мамлакатга келадиган сайёҳлар учун мажбурий ҳафталик карантинни бекор қилади. Бу ҳақда «МИР 24» хабар берди.

Маълум қилинишича, нафақат эмланганлар, балки ковидга қарши эмланмаган саёҳатчилар ҳам мамлакатга келиши мумкин. Бундан ташқари, Ҳиндистонда қолишнинг саккизинчи кунидаги ПЗР тести ҳам бекор қилинган.
Янги қоидаларга кўра, саёҳатчилар Ҳиндистонга боришдан олдин махсус ҳужжат тўлдириши керак, бу ерда улар охирги икки ҳафта давомида саёҳат қилган манзилини келтириб ўтиши зарур.
Шунингдек, коронавирус учун салбий тест натижаси ёки унга қарши эмланганлик сертификатини ҳужжатга қўшиш керак. Шу билан бирга, 82 мамлакат фуқаролари энди Ҳиндистонга фақат эмлаш сертификати билан кириши мумкин.
Барча келувчиларга Aarogya Setu мобиль иловасини юклаб олиш тавсия этилади. Қоидаларда таъкидланишича, мамлакатга келган барча сайёҳлар 14 кун давомида ўз соғлиғини ўзи назорат қилиши керак.
Аввалроқ Таиландда ковидга чалинган сайёҳлар орасида ўзбеклар етакчи ўринни эгаллаганди. Шунингдек, пандемия даврида сайёҳлар учун энг хавфли давлатлар аниқланганди.