Тошкентда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига зўравонлик қилган ўқитувчи ишдан четлатилди
Болада кўкарган яралар борлиги, бош қисмида ҳам оғриқ мавжудлиги аниқланган
Тошкентдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига ўқитувчи зўравонлик қилгани аниқланганди. Шаҳар Халқ таълими бош бошқармасининг маълум қилишича, тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Маълум бўлишича, мазкур ҳолат юзасидан бош бошқарма томонидан тузилган ишчи гуруҳ ўрганиш олиб борган. Ўрганиш хулосасига кўра, хабарда эълон қилинган ҳолат ўз исботини топган.
Ҳақиқатан, тарбиячи Б.А. 21-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси М.А.га нисбатан қўпол муомалада бўлган ва жисмоний куч ишлатган. Тарбиячи Б.А. билан ўрнатилган тартибда меҳнат шартномаси бекор қилиниб, ўз вазифасидан озод қилинган. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳолат юзасидан суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.
Қайд этилган ҳолат юзасидан таълим муассаса маъмурияти ҳамда тарбиячи-ходимлари билан суҳбат ўтказилиб, бундай нохуш вазиятларнинг олдини олиш бўйича зарур кўрсатма ва тавсиялар берилган.
Маълумот учун, боланинг ўнг тирсак соҳаси лат еб, кўкарган. Шунингдек, тарбияланувчининг сўзларига кўра, навбатчи тарбиячи юқоридаги ҳолат бўлишидан олдин ҳам бир неча маротаба унинг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган. Бироқ у қўрқув остида ушбу ҳолатлар ҳақида ҳеч кимга мурожаат қилмаган.
Қайд этилишича, мониторинг жараёнида тарбияланувчининг танаси шифокорлар иштирокида кўздан кечирилганда кўкарган яралар борлиги, сўзларига кўра, бош қисмида ҳам оғриқ мавжудлиги аниқланган. Тарбияланувчи А. навбатчи ҳамширанинг олдига тушиб, ўнг кўлининг лат еб, кўкарган тирсак қисмига суртма дори сурдирганлик ҳолати «Амбулатор журнали»да қайд этилмагани ҳам маълум бўлган.
Аввалроқ Фарғонада эркак «роддом»даги ҳамширанинг сочидан тортиб, куч ишлатгани ҳақида хабар берилганди.