Тошкентдаги Янгиобод бозорида ёнғин содир бўлди — видео
Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги «Янгиобод» бозорида 13 февраль куни ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, шу куни соат 07:48 атрофида Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Янгиобод кўчасида жойлашган бозорда ёнғин бўлаётгани тўғрисида туман фавқулодда вазиятлар бўлимига хабар келиб тушган. Шунга кўра, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 07:52 да етиб бориб, ёнғин соат 08:11 да ўраб олинган ва 08:17 да бартараф этилган.
Қайд этилишича, ёнғин натижасида бозор ҳудудида жойлашган ошхона, сомсахона ва расталарнинг тахминан 120 квадрат/метр майдонда томи, шифти ва жиҳозлари ёниб, зарарланган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Аввалроқ Самарқанддаги бозорда ёнғин содир бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Чирчиқ дарёси бўйидаги яшик бозорда содир бўлган ёнғин юзасидан маълумот берилганди.