11:23 | 14.02.22 204

Ўзбекистонда коллеж ва техникум ўқувчилари учун стипендия жорий этилиши мумкин

Президентнинг бу бўйича қарори лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистонда коллеж ва техникум ўқувчилари учун стипендия жорий этилиши мумкин. Бу бўйича Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, лойиҳага кўра, дуал таълим шаклини жорий қилган профессионал таълим муассасаларига ички имкониятидан келиб чиқиб ўқувчилар учун стипендия ёки моддий рағбатлантиришлар жорий этиш ваколати берилади. Бунинг учун муассаса ўзининг тегишли бўйсинувидаги вазирлик ёки идора билан келишиши лозим бўлади.

Маблағларни таълим муассасаларининг ўзи қуйидагилар ҳисобига мустақил шакллантириши мумкин бўлади:

  • бўш бўлган ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналарини ўқув курслари ташкил этиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун 5 йилгача бўлган муддатга ижарага бериш;
  • муассасанинг ўқув-амалиёти жараёнида ишлаб чиқарилган маҳсулотларини (хизматларни) намойиш қилиш ва сотиш.

Қайд этилишича, профессионал таълим муассасаларига ўз таъсисчилигидаги маъсулияти чекланган жамиятларни ташкил этиш ҳуқуқи берилади. Стипендия ажратиш тартибини Молия вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2022 йил 1 августга қадар ишлаб чиқиши кўзда тутилган.

Аввалроқ Президентнинг Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори оширилиши бўйича фармони эълон қилинганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида «Ҳоким стипендияси» жорий этилани ҳамда Ўзбекистон ОТМларида «Президент гранти» стипендияси ва «Қизлар учун махсус стипендия» жорий этилиши хабар берилганди.