22:36 | 15.02.22 222

Ўзбекистонда яна бир қоидабузарлик ҳақида хабар берганларга пул тўланади

Рағбатлантириш 1 апрелдан кучга киради

Ўзбекистонда молиявий назоратга оид қоидабузарликлар ҳақида хабар берганларга мукофот тўланади. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган. Қарор билан Молия вазирлиги ҳузурида Давлат молиявий назорати инспекцияси ташкил этилди. Шунингдек, 2023 йил 1 январгача «Электрон назоратчи-тафтишчи» дастурий мажмуаси тўлиқ ишга туширилади.

Инспекцияда бюджет ҳисобидан амалга оширилган қурилишлар учун қилинган тўловлар ҳақиқатда бажарилган иш ҳажмига мувофиқлиги устидан назорат ўрнатиш учун Қурилиш объектларида назорат ўлчовини амалга ошириш бошқармаси (40 та штат бирлигидан иборат) ташкил этилади.

2022 йил 1 апрелдан молиявий назоратга оид қоидабузарликлар ҳақида хабар берган шахсларга мукофот тўланади. 2022 йил 1 ноябргача инспекция ходимлари молиявий назорат ва ички аудит соҳасидаги халқаро тажрибалар асосида махсус ўқув курсларида ўқитилади. 2022 йил 1 ноябрдан инспекция ва ички аудит хизматларининг ходимларига малака сертификати бериш тизими жорий этилади.

Аввалроқ сотиб олувчига чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатни бермасдан, савдо қилгани ва маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилгани тўғрисида солиқ органларига хабар берган жисмоний шахсларга ҳуқуқбузарлардан ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ер соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлар моддий рағбатлантирилиши хабар қилинган.