Тошкент вилоятида «Lacetti» «Epica» билан тўқнашиб, ёниб кетди — видео
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 12 февраль куни «Epica» ва «Lacetti» тўқнашди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, шу куни тахминан соат 23:00 да шаҳарнинг Алишер Навоий ва Фурқат кўчалари кесишган чорраҳада 2001 йилда туғилган ҳайдовчи Ж. Ғ. бошқарувидаги «Lacetti» русумли ҳамда 1977 йилда туғилган ҳайдовчи Д.Н. бошқарувидаги «Epica» русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган.
Тўқнашув оқибатида «Lacetti» автомобили ҳайдовчиси руль бошқарувини йўқотган ва йўл четидаги бетон тўсиққа урилган. Шундан сўнг автомобилда ёнғин юзага келган. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган. Ҳодиса натижасида иккала ҳайдовчи ва «Lacetti» автомобилида бўлган йўловчи тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.
Ҳозирда мазкур ЙТҲ юзасидан Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Миробод туманида бешта автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда ЙТҲ оқибатида етти киши касалхонага ётқизилган.