«Ислом давлати» террор ташкилоти аъзоси Ўзбекистонга олиб келинди
Давлат хавфсизлик хизмати жанговор ҳаракатларда иштирок этган «Ислом давлати» террористик ташкилоти аъзосини Ўзбекистонга олиб келди.

Маълум бўлишича, 53 ёшли эркак Д.У. 28 ёшли ўғли Д.Х. билан биргаликда 2009–2015 йилларда Россияга ишлаш даврида ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террористик ташкилотлар аъзоларининг таъсирига тушиб қолган. Аниқланишича, 2015 йилнинг сентябрь ойида ота-бола шахсини ошкор қилмаслик мақсадида Тожикистоннинг сохта паспортини расмийлаштириб, Туркия орқали Сурияга борган.
Қайд этилишича, улар «Ислом давлати» халқаро террористик ташкилоти аъзолари сафига қўшилиб, жанговор ҳаракатларда иштирок этган. Кейинроқ Д.У. Суриядан қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш мақсадида МДҲ давлатларидан бирига қайтиб келган. ДХХ ходимларининг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда олиб борган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Д.У. ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинган.
Таъкидланишича, қўлга олиш вақтида у фаол қаршилик кўрсатган, кейинги жараёнларда ўзининг жиҳод қилиш борасидаги қарашларидан воз кечмаганини билдирган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Д.У.нинг ўғлига нисбатан қидирув эълон қилинган.
Аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган эркакни қўлга олганди.