«Тошкентдаги Навоий кўчасида трамвай бўлмайди» — шаҳар ҳокимлиги
Аввалроқ Президент пойтахтга трамвай қайтишини маълум қилганди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида 16 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида ҳоким ўринбосари Баҳтиёр Раҳмонов Навоий кўчасида трамвай бўлмаслигини айтди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Матбуот анжумани давомида ҳоким ўринбосари пойтахтнинг Алишер Навоий кўчасида олиб борилаётган таъмирлашлардан кейин трамвай қайтарилса, яна қайтадан таъмирлаш ишлари олиб борилиши тўғрисидаги саволга жавоб берган.
«У ‘габорит’да трамвай юриши бўлмайди», — дея жавоб берди Баҳтиёр Раҳмонов. Шунингдек, Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев эса трамвай бўйича таклифлар борлигини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентга камида 2025 йилгача трамвай қайтарилиши режалаштирилмагани маълум бўлганди. Бироқ «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга узатилган «Менимча» телелойиҳасида Тошкент жамоат транспортидаги муаммоларни ҳал қилиш учун трамвайлар фаолиятини тиклаш таклиф қилинганди.
Кейинчалик Шавкат Мирзиёев Самарқандга қилган ташрифи давомида яқинда Тошкентга трамвай қайтишини маълум қилганди. Орадан вақт ўтиб, ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий кўчасида трамвай йўлларини ётқизиш ишлари бошлангани айтилган хабарлар тарқалган. «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, ҳудуддаги ишлар трамвай йўли ётқизилиши учун амалга оширилмаган.