Нукус давлат педагогика институтидаги қурилиш ишларида салкам 13 млрд сўм талон-торож қилинди
Нукус давлат педагогика институтининг ўқув биноларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш учун ажратилган пуллар талон-торож қилингани аниқланди.

Таъкидланишича, «2018 йилдаги инвестициявий ва инфратузулмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ, 2018–2021 йилларда Нукус давлат педагогика институтининг ўқув биноларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш учун 54,3 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. 2018 йилда ўтказилган тендерда «Jayhun Universal Qurilish» МЧЖ ғолиб чиқиб, у томонидан 2021 йилнинг сентябрь ойига қадар барча ишлар амалга оширилиши керак бўлган.
Аммо, зарур маблағлар давлат бюджетидан ажратилганига қарамасдан, режалаштирилган ишлар белгиланган муддатда якунига етмаган. Аниқланишича, пудратчи МЧЖ ва буюртмачи ҳисобланган Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мансабдор шахслари ўзаро тил бириктирган ҳолда тегишли ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан 12,7 миллиард сўм миқдордаги пул маблағларини талон-торож қилган.
Аниқланган ҳолат юзасидан МЧЖ ҳамда Вазирлар Кенгаши компанияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209- (Мансаб сохтакорлиги) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бошқа ҳолатда эса буюртмачи «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси Қорақалпоғистон филиали ва 7 та пудратчи ташкилотлар мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, 2020 йилда Қорақалпоғистонда кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ажратилган бюджет маблағининг 17,5 миллиард сўмини талон-торож қилгани аниқланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳам қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Сирдарёдаги спорт мактабида 117 миллион сўм бюджет маблағи талон-торож қилинганди. Шунингдек, Андижонда 50 нафар кам таъминланган фуқарога ажратилган маблағлар талон-торож қилиб юборилгани айтилган.