Рейтинглар - 18:15 · 17.02.2022

Рейтинг. Энг паст фоизли кредитлар ўнталиги

Кредит нима? Кредит бу пул маблағлари, товар ва хизматларни келишилган устама тўлаб, қайтариб бериш шарти билан маълум муддатга қарз беришдир. Дунёнинг кўпгина давлатлари каби Ўзбекистон банкларида ҳам кредит тизими мавжуд бўлиб, бугун истеъмолчилар бу хизмат туридан фаол фойдаланиб келмоқда. Сиз машина, уй, чорва моллари ва, борингки, ўқишда тўлов-контракти учун ҳам кредит олишингиз ва муаммойингизни осон ҳал қилишингиз мумкин. Бугунги рейтингимизда сиз билан энг кам фоизли кредит хизматлари ҳақида гаплашамиз.

Фото: «Bugun.uz»

0 (ноль) фоизли микроқарз. Ҳа, тўғри ўқидингиз, 0 фоизли. «Давр банк» ўз мижозларига «Кредит карта ЗEРО» номли кредит – микроқарз таклиф этмоқда. Микроқарз фоиз ставкаси қиймати нолга тенг бўлиб, 10 миллион сўмгача 12 ой муддатга берилар экан. Кредитни ажратиш шакли банк картасига ўтказиш бўлиб, уни онлайн шаклда ҳам расмийлаштириш мумкин. Бошланғич бадал мавжуд эмас, таъминот тури суғурта полисидир.

Яна бир ноль фоизли микроқарз. «ОриентФинансБанк» ўз мижозларига 1 йилга 50 миллион сўмгача қийматда бўлган микроқарз таклиф қилмоқда. «ОРБ Профит» номли қарз тури учун бошланғич бадал мавжуд эмас. Таъминот тури: гаров, учинчи шахснинг кафиллиги ёки суғурта полиси. Расмийлаштириш банк офисида амалга оширилади.

7–14 фоизли кредит. «Қишлоқ қурилиш банк» арзон уй-жойлар учун ипотека кредити ажратади. 257,4 миллион сўм миқдоргача олиниши мумкин бўлган кредитнинг қайтарилиш давомийлиги 20 йилга мўлжалланган. Бошланғич бадал 10 фоизли суммани ташкил этади. Бир йиллик имтиёз даври мавжуд.

Маълумот учун, Ўзбекистонда кредитнинг қуйидагича турлари мавжуд: автокредит, ипотека кредити, микроқарз, таълим кредити, истеъмол кредити.

14 фоизли таълим кредити. «Алоқабанк» ўз мижозларига 14 фоизли таълим кредитини тақдим этади. Кредит 162 ойгача мўлжалланган бўлиб, шартнома суммасини қамраб олади. Бошланғич бадал кўзда тутилмаган. Расмийлаштириладиган кредит учун таъминот тури сифатида гаров ёки учинчи шахснинг кафиллиги қайд этилиши лозим.

14 фоизли яна бир таълим кредити. «Ўзмиллийбанк» мижозларига юқорида тилга олинган «Алоқабанк» кредити каби хусусиятларга эга кредит таклиф қилади. Ягона фарқ сумманинг белгиланганлигидир. Мижозлар 30 миллион сўмгача бўлган миқдорда кредит олиши мумкин.

Шунингдек, «ОриентФинансБанк», «Ипотека банк», «Қишлоқ қурилиш банк», «Ҳамкорбанк», «Агробанк», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Халқ банки», «Асака банк», «Микрокредитбанк», «Туронбанк» каби банклар ҳам турли шарт, сумма ва муддатларга мўлжалланган 14фоизли таълим кредитини ажратади.

14 фоизли истеъмол кредити. «Қишлоқ қурилиш банк» базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача бўлган қийматда, 5 йиллик муддатга «Яшил» истеъмол кредитини таклиф қиляпти. Бошланғич бадал мавжуд эмас, шунингдек, имтиёз муддати ҳам. Таъминот тури: гаров, учинчи шахс кафиллиги ёки суғурта полиси.

«ОриентФинансБанк», «Қишлоқ қурилиш банк», «Халқ банки» ва бошқа бир қанча банклар 17 фоиз ставкали, 20 йилга мўлжалланган 416,5 миллион сўмгача миқдорда кредитларни таклиф қилмоқда. Ҳар иккала таклифдан 15 фоизли бошланғич бадал мавжуд. Имтиёз даври 6 ой.

Ипотека кредити олиш учун ариза берувчи 18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон фуқароси бўлиши керак. Бундан ташқари, фуқаро доимий иш жойига эга ёки шахсий ёрдамчи хўжалигидан, дехқон хўжалигидан ёки якка тадбиркорликдан доимий даромад оладиган, олган даромади тўлов жадвалига мувофиқ, ипотека кредитига хисобланган ойлик фоизни тўлашга ва асосий қарзни қайтаришга етадиган бўлиши талаб қилинади. Қарз юки даромаднинг 70 фоизидан ошиб кетмаслиги керак, ипотека кредити олиш учун кўриб чиқиладиган санада бошқа кредит ташкилотларидан муддати ўтган қарзи бўлмаслиги лозим.

17,5 фоизли кредит. «Қишлоқ қурилиш банк» 20 йил муддатга 400 миллион сўмгача, «Турон банк» ҳам бирламчи ва иккиламчи бозор учун 400 миллион сўмгача бўлган кредитларни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, бошқа яна бир қанча банклар 17–18 фоизли ипотека кредитларини таклиф қилмоқда. Улар ўзаро бошланғич тўлов, тақдим этиладиган максимал сумма қиймати, таъминот ва имтиёз шакли билан фарқ қилади.

18 фоизли таълим кредити. «Ўзмиллийбанк» 100 миллион сўмгача қийматдаги, 3 йилга мўлжалланган таълим кредитини таклиф қилмоқда. Бошланғич бадал мавжуд эмас. Кредитни олиш учун кредит олувчининг паспорти, талаба ва олий таълим ташкилоти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш бўйича расмийлаштирилган шартнома (контракт) ва унга илова қилинган иш ҳақи варақаси (счёт-фактураси) кредит бўйича таъминотга тегишли бўлган ҳужжатлар керак бўлади.

19–19,5 фоизли автокредит. Автокредит фоиз ставкаси бўйича энг юқори турадиган кредит туридир. Буни энг паст фоизли автокредит ҳам рейтингимизнинг охирги ўрнига аранг илиниб қолганидан англаш мумкин. «Давр Банк» ўз мижозларига 19–19,5 фоизли, 36–48 ойга мўлжалланган, 1 миллиард сўмгача бўлган автокредитни таклиф қилмоқда. «АUTO–2022» кредитининг бошланғич бадали олинаётган сумманинг 30 фоизини ташкил этади. Зарурий ҳужжатларга паспорт ва автосалон билан шартнома киради.

Рейтингимиз имкон қадар кенг қамровли бўлишини мақсад қилган ҳолда айни бир хил фоиз ставкали кредит турларини умумлаштириб тақдим қилишга ҳаракат қилдик. Албатта, биз кўзда тутмаган кредит турлари ҳақида юқорида тақдим этган манзил ёрдамида батафсил маълумот топишингиз мумкин.

Банклар сонининг ортиши таклифлар хилма-хиллигига, бу эса мижозлар учун янада қулай имкониятларнинг яратилишига йўл очади. Маълумот ўрнида, Ўзбекистон банк тизимида 33 та, жумладан, 12 та давлат улушига эга, шунингдек, 15 та хусусий ва 5 та хорижий банк мавжуд. Бизда ҳозирча шулар. Яна рейтинглашгунча.

Bugun — LIVE