Андижон вилоятида тайинловлар амалга оширилди
Андижон вилоятининг Хўжаобод ва Пахтаобод туманларига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Ўткирбек Шукуров вилоятнинг Хўжаобод тумани ҳокими лавозимига тайинланди. У 1983 йилда Андижон вилоятининг Андижон туманида туғилган. 2011 йилда Андижон педагогика институтини, 2012 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Янги ҳоким тайинловга қадар вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган.
Шунингдек, Пахтаобод туманига ҳам ҳоким тайинланган. Ҳозирга қадар вилоят Марказий банки раҳбари сифатида фаолият юритиб келган Элёр Усмонов Пахтаобод тумани ҳокими сифатида иш бошлаган.
Аввалроқ Тошкент вилояти ҳокимига ўринбосар, Оққўрғон туманига эса ҳоким тайинлангани хабар қилинганди.