Наманганда ўқитувчи 1-синф ўқувчиларини бажармаган уй вазифаси учун изза қилдирди — видео
У бошқа ўқувчиларни чапак чалиб, «уят!» деб бақиришга ундаган
Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги 13-мактабда 1-синф ўқувчилари уй вазифасини бажармагани учун доскага чиқарилиб жазоланди. Ҳолат бўйича вилоят Халқ таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда 1-синф ўқувчилари доскага чиқарилиб, руҳан синдирилаётгани мазмунида видеолавҳа ёритилган. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида бошқарма томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганилган. Унга кўра, Учқўрғон туманидаги 13-умумий ўрта таълим мактабининг 1-«в» синф раҳбари Шаҳноза Мадраҳимова ўқиш дарси пайтида синфдаги 6 нафар ўқувчи уй вазифасини тайёрламагани ва дафтарлари қолиб кетгани сабабли бундай ҳолат қайтарилмаслиги ва бошқа ўқувчиларга сабоқ бўлиши учун доска олдига чиқартириб, қолган ўқувчиларга «уят» деб гапиртириб, изза қилдирган.
Бу жараёнларни ўзи уяли телефонига тасвирга олиб, икки нафар ўқувчи ота-онасининг Telegram’ига жўнатган. Воқеадан сўнг синф раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-бандига кўра ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани учун таълим муассасаси директори Ойбек Мўйдинов, маънафий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Яшин Абдуғофуровларга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилгани, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Маҳбуба Имомова жиддий огоҳлантирилгани билдирилган.
Бошқарма таълим-тарбия борасида бундай ҳолатларни қўллаш умумэътироф этилган мезонларга мутлақо зид деб баҳолайди ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги чора-тадбирларини кўриб боради.
Аввалроқ Тошкент вилоятида ўқувчилар юпун кийимда меҳмон кутишга чиқарилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Андижондаги мактабда муаллим ўқувчилар олдида номақбул сўз ишлатган.