Президент «Янгиҳаёт» технопарки қуриладиган майдонга борди — фото
Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида қурилаётган янги технопарк майдонини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 2021 йил 4 февраль куни давлат раҳбарининг «Тошкент шаҳрида ‘Янгиҳаёт ’индустриал технопаркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Президент туманга ташрифи чоғида ушбу технопарк қуриладиган майдонида бўлди.

Бу мажмуа учун 210 гектар майдон ажратилган. Шундан 150 гектари икки босқичда аукцион савдоларига чиқарилади. Тадбиркорлар сотиб олинган ернинг мулкдори бўлади ва корхоналарни ўзлари қуради.
«Тошкентда ер танқис, келгусида бундай майдонлар топилмайди. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш керак. Шунинг учун корхоналар кўп қаватли қилиб қурилгани маъқул», — деган Президент.


Бу ерда жойлаштириладиган корхоналарда 20 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланган. Умуман олганда, технопарк ишлаб чиқаришни кенгайтириш, саноат тармоқларига замонавий технологияларни жорий этиш, шу асосда аҳолини иш билан таъминлашга хизмат қилади. Шу ерда Янгиҳаёт туманидаги корхоналар маҳсулотлари ҳам намойиш этилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркини бориб кўргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 6 та вилоятида ёшлар технопарклари иш бошлаши маълум қилинган.