Тошкентда 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида 19 февраль куни 3 та машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса шу куни соат тахминан 22:40 да Себзор кўчасидаги кўприк устида содир бўлган. 1998 йилда туғилган С.Ж. бошқарувидаги «Matiz», 2001 йилда туғилган К.Қ. бошқарувидаги «Spark» ва 2001 йилда туғилган Д.А. бошқарувидаги «Lada Vesta» русумли транспорт воситалари тўқнашиб кетган. Зарб оқибатида «Matiz» ва «Spark» русумли автомобиллар ағдарилган.
ЙТҲ натижасида «Spark» русумли автомобилнинг икки нафар йўловчиси тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган. Айни вақтда ЙПХ ходимлари томонидан ҳодиса жойида ҳайдовчилар иштирокида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қамчиқ довонидан ўтган Тошкент–Ўш автомобиль йўлида 29 январь куни 3 та «Nexia» иштирокида ЙТҲ содир бўлганди. Шунингдек, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида ҳам 21 январь куни 3 та автомобиль иштирокида тўқнашув юз берганди.