Бухорода 16 ёшли қиз ўзини 7-қаватдан ташламоқчи бўлгани юзасидан қўшимча маълумот берилди
Бухорода ўқувчи қиз ўзини кўп қаватли уй томидан ташламоқчи бўлгани хабар қилинганди. Бош прокуратура матбуот котиби ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Аниқланишича, 22 февраль куни соат 11:30 да 2006 йилда туғилган қиз онаси билан жанжаллашиб, уни қўрқитиш мақсадида 7 қаватли уйнинг том қисмига чиққан. Хабарга асосан ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи чиққан ва ички ишлар ходимлари томонидан қиз ушбу уйнинг том қисмидан туширилган.
Қиз билан суҳбат ўтказган психолог ўз тушунтиришида қизнинг ўз жонига қасд қилиш мақсади бўлмаганини, бошқалар эътиборини ўзига жалб қилиш мақсадида шу ҳолатни содир қилганини, шу сабабли 1 соат давомида уйнинг том қисмида ўз жонига қасд қилмасдан қолиб кетганини билдирган.
Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижонда аёл ИИБ ҳудудидаги сув минорасидан ўзини ташламоқчи бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентдаги ОТМда қурувчи пулини ололмагани учун ўзини 5-қаватдан ташламоқчи бўлган.