Ўзбекистонда 23–25 февраль кунлари сел келиши кутилмоқда
Ўзбекистонда 23–25 февраль кунлари кучли ёмғир ёғиши кутилмоқда. «Ўзгидромет» бу бўйича маълумот берди.

Шу сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида, жумладан:
- Қашқадарё вилояти: Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор, Косон туманларида;
- Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал, Ғаллорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод, Зафарабод туманларида;
- Сурхондарё вилояти: Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон туманларида;
- Самарқанд вилояти: Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон туманларида сел келиши хавфи эълон қилинади.
«Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришни сўраймиз», дейилади хабарда.
Аввалроқ ҳам (2021 йил 13–16 август) «Ўзгидромет» Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида сел келиши хавфидан огоҳлантирганди. Шунингдек, Фарғона вилояти Сўх туманига 4 август куни сел келиши оқибатида кўприк қулаб тушгани хабар қилинган.