Жамият, Жаҳон - 10:02 · 23.02.2022

Ўзбекистон Афғонистонга «Термиз» халқаро савдо маркази имкониятларидан фойдаланишни таклиф қилди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Кобул шаҳрида Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, учрашувда ўзаро савдо ҳажмини ошириш, савдо ва транспорт тўсиқларини бартараф этиш бўйича биринчи даражали вазифалар кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, Афғонистон томонига «Термиз» халқаро савдо марказининг имкониятларидан фойдаланиш таклиф қилинди.

Қўшни мамлакат ҳудуди орқали ўтиб кетаётган транспорт воситалари ва юкларнинг ҳаракатланиши учун ўзаро мақбул шароитларни ишлаб чиқиш, муқобил транспорт йўналишларини жорий этишга келишиб олинди.

Аввалроқ «Толимаржон» ИЭС подстанциясидаги техник носозлик сабаб Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришида узилиш бўлгани, кейинчалик электр етказиб бериш тўлиқ тиклангани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE