Самарқандда аёл ва унинг қизи сир сақланиши керак бўлган видеоларни тарқатишни айтиб, танишидан 2000 доллар талаб қилди
Самарқанд шаҳрида аёл ва унинг 16 ёшли қизи сир сақланиши керак бўлган видеоларни тарқатишни айтиб, бошқа бир аёлдан 2000 доллар талаб қилди. Ҳолат юзасидан Тергов департаменти ахборот хизмати маълумот берди.

Маълум бўлишича, февраль ойи ўрталарида 43 ёшли А.Д. ўзганинг мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида ўзининг 16 ёшли қизи А.С. билан жиноий тил бириктирган. Улар 29 ёшли Б.Г. билан учрашиб, унга тегишли бўлган, сир сақланиши керак бўлган видеотасвирлар мавжуд эканини айтиб, видеоёзувларни ижтимоий тармоқларга жойлаштириб шарманда қилиш билан қўрқитиб, ушбу маълумотларни ошкор қилмаслиги эвазига 2000 доллар пул талаб қилиб келаётгани аниқланган.

21 февраль куни соат 18:30 да Самарқанд шаҳри ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Б.Г.дан товламачилик йўли билан талаб қилинган 2000 доллардан 650 доллар миқдоридаги пулларни олаётган вақтида А.С. қўлга олиниб, ундан ушбу пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.Д. ҳамда А.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, улар гумон қилинувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилинган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Маълумот учун, мазкур жиноятни содир этган шахс суд томонидан 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.