Рейтинг. Акфадан «Amity»гача: Ўзбекистондаги контракт тўлови энг қиммат университетлар
Бугунги кунда Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 130 тага етган бўлиб, шулардан 96 таси давлат олий таълим муассасаси, 9 таси нодавлат олий таълим муассасаси ва 25 таси хорижий олийгоҳлар ва уларнинг филиаллари саналади. Бугунги рейтингимизда сиз билан Ўзбекистондаги тўлов-контракт миқдори энг юқори бўлган олийгоҳларни кўриб чиқамиз.
1. Акфа университети. Тошкентдаги Акфа университети Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрида Акфа халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Akfa Medline» МЧЖ ташаббуси асосида 2019 йилда ташкил этилган. Университетда ўқишга даъвогар абитуриентлардан мактаб ёки ўрта махсус таълим муассасини тамомлаганлиги ҳақидаги ҳужжати ҳамда IELTS ёки TOEFL сертификатлари талаб қилинади.

Акфа университетида таълим 6 йил муддатни ташкил этади. Бу жараён 2 йиллик тиббий тайёрлов курслари ва 4 йиллик тиббий курс дастурларини ўз ичига олган. Акфа университети Жанубий Кореянинг Ганжон университети билан ҳамкорликда унинг андазасида ташкил этилган. Университетнинг тиббиёт йўналишида контрактнинг умумий суммаси йиллик — 58 000 000 (эллик саккиз миллион) сўм / семестр учун 29 000 000 (йигирма тўққиз миллион) сўмни ташкил этади.
Акфа’да мавжуд бўлган бошқа йўналишларда ўқиш нархи бундан арзонроқ, тиббиёт энг қиммати бўлгани учун рейтингнинг биринчи ўрнини эгаллаган.
2. МГИМО Тошкент филиали (Московский государственный институт международных отношений — Москва давлат халқаро муносабатлар университети). 2019 йил сентябрь ойида фаолиятини бошлаган институтга шу йил февраль ойида Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Абдужаббор Абдувоҳидов ва Москва давлат халқаро муносабатлар институти проректори Артём Малгин учрашувида тамал тоши қўйилган.

Институтда бакалавр ва магистратура босқичи талабалари учун 6 йўналишли дастур, энг яхши абитуриентлар учун ўқув грантлари, ўқишга киришга тайёргарлик дастурлари ва бошқа дастурлар мавжуд бўлиб, таълим модулли асосда (курслар давомийлиги — 2–3 ҳафта) магистратура талабалари учун бир семестр ва бакалавриат талабалари учун уч семестр давом этади. Тўлов контракти миқдори — 52 230 000 сўм.
3. Инҳа университети. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 2014 йилда Кореанинг Инҳа университети билан ҳамкорликда ташкил этилган. Инҳа университети Кореанинг Ахборот технология соҳасида кўзга кўринган ОТМларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда 1500 дан ортиқ талаба университетнинг икки асосий йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда. Булар компьютер ва ахборот муҳандислиги ва логистика йўналишларидир.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳар йили 10 нафар фаол ва иқтидорли талабага Кореядаги Инҳа университетининг ёзги мактабида бепул ўқиш имкониятини беради. Университетда таҳсил олиш учун бир йиллик контракт суммаси 30 миллион сўмни ташкил этади.
4. Тошкент Халқаро Вестминстер университети. ТХВУ 2002 йилда Лондон Вестминстер университети, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Истеъдод» жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган. Университетда тайёрлов, СИФС, бакалавр, магистратура ва касбий сертификат курслари мавжуд бўлиб, тижорий ҳуқуқ, бизнес ахборот технологиялари, молия, иқтисодиёт ва молия, бизнесни бошқариш бакалавр курслари мавжуд. Ушбу курсларнинг барчаси Буюк Британиянинг «honours» бакалавр даражасини олиш имконини беради. Бакалавриат учун тўлов контракти суммаси деярли 30 миллион сўмни ташкил қилади. (Магистратура учун тўлов – 44 991 000 сўм).
5. Сингапур менежментни ривожлантириш институти (MDIS). MDIS Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига биноан олий таълим сифатига қўйилган халқаро талабларга, шунингдек, миллий мақсад ва вазифаларига ва Ўзбекистон Республикаси кадрларини тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ бакалавриат ва магистратура дастурларида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.

Университет томонидан тақдим этилган таълим дастурларининг умумий сони бакалавриат йўналиши бўйича 15 та ва магистратура йўналиши бўйича 5 тани ташкил этади, ҳозирги кунда ОТМда талабаларнинг умумий сони 5100 дан ортиқни ташлил этади. Тўлов контракти суммаси — 28 800 000 сўм.
6. Турин политехника университети. Италиянинг Турин шаҳридаги Турин политехника университети билан ҳамкорликда ташкил этилган бу таълим муассасаси Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган. Университетнинг асосий мақсади юқори технологияга асосланган саноатнинг юқори тармоқларига етук кадрлар етказиб беришдан иборат. ОТМда ахборот технологиялари ва ишлаб чиқаришда БТА, саноат-фуқаро қурилиши ва архитектураси, энергетика, машинасозлик технологияси факультетлари мавжуд. Бир йиллик тўлов контракти миқдори 28 500 000 сўмни ташкил этади.
7. Тошкент шаҳридаги Пучон университети. Пучон университети (Корея Республикаси) 1958 йил апрель ойида ташкил этилган, мазкур университетда айни пайтда 8 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Корея Республикасида Пучон университетининг иккита таълим маскани бор, аммо бу унинг биринчи чет эл филиалидир.
Университетда ўқув жараёни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларини инобатга олган ҳолда Пучон университети ўқув режалари ва стандартлари асосида амалга оширилади. Ўқитувчи ва профессорлар таркибини Пучон университети (Корея Республикаси) ва Ўзбекистон Республикасининг энг яхши мутахассислари ташкил этади. Тўлов контракти миқдори ҳам шунга яраша — йилига 28 250 000 сўм.
8. Тошкентдаги Вебстер университети. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4245 сон «Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш Марказини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 14 та бакалавриат йўналиши ва 16 магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши белгилаб берилган.

Вебстер университети дунёдаги энг кучли олийгоҳлар мингталигига киради ва охирги 5 йилда 600–800 ўринларда баҳоланиб келмоқда. У дунёнинг жами 8 та мамлакатида: АҚШ, Австрия, Нидерландия, Греция, Швейцария, Хитой, Гана ва Ўзбекистонда 10 дан зиёд кампусга эга. Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги марказдан ташқари Ўзбекистон ҳудудида ТДИУ, ЎзДЖТУ, ТАТУда қўшма дастурлар асосида магистратура бўйича кадрлар тайёрлаш ўтган йилдан бошлаб йўлга қўйилган. Тўлов контракти суммаси — 27 400 000 сўм.
9. Ёджу техника институти. 2018 йил 24 июль санасида Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тақдим этилган давлат лицензиясига кўра Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим хизматларини кўрсатувчи муассаса мақомига эга бўлди.
Ҳозирги кунда институтда қуйидаги йўналишлар бўйича таълим берилмоқда: архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм, бизнесни бошқариш, халқаро иқтисодий муносабатлар, халқаро маркетинг, бошланғич таълим, мактабгача таълим, корейс тили филологияси, либослар дизайни, чирой эстетикаси, бухгалтерия, банк иши, молия, инглиз тили таълими, ахборот тизимлар муҳандислиги ва лифт муҳандислиги. Бир йиллик тўлов шартнома миқдори 26 миллион сўмни ташкил этади.
10. «Amity» университети. Тошкент шаҳридаги «Amity» университети бошланғич, бакалавриат ва магистратура босқичларда олий таълимнинг турли йўналишларида, жумладан, ахборот технологиялари, менежмент, иқтисодиёт ва туризм бўйича касбга йўналтирилган ўқув дастурларини таклиф этади. Таълим даргоҳи «Amity Group»нинг тадқиқотларга йўналтирилганлигидан келиб чиқиб, Ҳиндистонда энг кўп миқдордаги патентларни олиш хусусияти билан ажралиб туради. «Amity», шунингдек, Ҳиндистондаги энг йирик грантлар дастурига эга, унга кўра 25 000 дан ортиқ стипендиялар ажратилган. Университетда ўқишнинг бир йиллик нархи 25 350 00 сўмни ташкил қилади.

Кўриб турганингиздек, рейтингнинг ҳамма поғоналаридан хорижий ва хусусий олий таълим муассасалари ўрин олди. Давлат олий таълим муассаларидан тўлов контракт миқдори энг юқори бўлган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети ҳам (15 584 000 сўм) юқоридаги суммаларнинг яқинигада йўлай олмаяпти. «Супер-контракт»ларни ҳисобга олмаганда, албатта. Бизда эса ҳозирча шулар эди. Яна рейтинглашгунча деб қоламиз!