NATO Украинадаги воқеаларга ҳарбий аралашувни режалаштирганми?
Германия канцлери бу бўйича маълумот берди
Германия канцлери Олаф Шольц NATO Украинадаги воқеаларга ҳарбий аралашувни режалаштирмаганини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Келтирилишича, Шольц Исроилга ташрифи чоғида мамлакат бош вазири Нафтали Бенет билан ўтказган матбуот анжуманида маълум қилган.
«Биз ҳарбий йўл билан ҳужум қилмаймиз, бу NATO учун тўғри. Ҳужум қилиш мазкур вазиятда хато йўл саналарди», — деган Шольц.
Сиёсатчига кўра, на Германия, на бошқа Ғарб давлатлари Украина ҳудудида бўлаётган вазиятга аралашиш ниятида эмас.
«Ҳозир Украинадан келаётган хабарлар қўрқинчли. Биз бу можаро қандай ривожланишидан жиддий хавотирдамиз ва шунинг учун вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз керак.
Албатта, энди масала дипломатияга яна бир катта имконият берилишида», — деган канцлер.
Шунингдек, у Россияни барча ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирган.
«Фуқаролар инфратузилмаси ва тинч аҳолига ҳужумлар тўхтатилиши керак», — дея қўшимча қилган Олаф Шольц.
Аввалроқ у Украинадан ҳарбий ҳаракатларни учинчи давлатларга ўтказишнинг олдини олишга чақирган ва NATO давлатлари ўз ҳудудининг «ҳар квадрат метрини» ҳимоя қилишга тайёрлигини таъкидлаган эди.