Шавкат Мирзиёев БМТ Контртеррор бошқармаси раҳбарини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев 2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бош котибининг ўринбосари — Контртеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронковни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Владимир Воронков БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси бўйича Тошкент халқаро конференцияси доирасида Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Учрашув бошида Владимир Воронков эртага Тошкентда иш бошлайдиган икки кунлик халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси ва унинг ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирган.

Шунингдек, мамлакатнинг БМТ институт ва тузилмалари, шу жумладан, Контртеррор бошқармаси билан амалий ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
Шунингдек, учрашувда Марказий Осиё минтақаси давлатларининг янгиланган Қўшма ҳаракат режасини амалга ошириш ва лойиҳалар сонини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси доирасида кўп томонлама тадбирлар ўтказиш, ёшларни экстремизм ва терроризмнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, «қайноқ нуқталар»дан қайтарилган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш соҳасида тажриба алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, минтақа кун тартибидаги масалалар, шу жумладан, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши, афғон халқига кўмаклашиш ва ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш юзасидан фикр алмашилган.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва БМТ Контртеррор бошқармаси ўртасидаги амалий шерикликни кенгайтириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Россия–Украина можароси сабабли батафсил режа ишлаб чиқишга топшириқ берганди. Шунингдек, Президент Покистон бош вазири Имрон Хон таклифига биноан 3–4 март кунлари ушбу мамлакатда бўлиши хабар қилинган.