«UzAuto Motors» Chevrolet оммабоп моделларининг шартномаларини янгилайди

«UzAuto Motors» бутун пандемия мобайнида 2020 йилнинг март ойидан буён ишлаб чиқаришни оптималлаштириш ва глобал муаммоларнинг ишлаб чиқариш жараёни ҳамда таннархга таъсирини камайтириш учун ўз олдига қўйган юқори талаблар режасини бажарди.

«Танаффус» давомида компания навбатларни барқарорлаштиришга муваффақ бўлди ва компания 3 мартдан бошлаб Lacetti, Cobalt, Nexia ва Spark автомобиллари учун шартномалар қайта тикланиши ҳақида расман маълум қилади.

Компания пандемия даврини яримўтказгичларнинг глобал танқислиги ва логистик инқироз, шунингдек, миллий валюта инфляциясига қарамай, бошқа мамлакатлардаги автомобиль ишлаб чиқарувчилар орасида энг яхши натижалар билан ўтказди: икки йилда автомобилларнинг умумий қиймати ўзгармади, чет эл валютасида эса ҳатто арзонлашди (14 фоиз), завод ўз фаолиятини тўхтатмай, барча иш ўринларини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. «UzAuto Motors» заводлари фаолиятига 300 дан ортиқ етказиб берувчилар, 100 дан ортиқ савдо ва сервис дилерлик корхоналари ва турдош саноат тармоқларда фаолият юритаётган 200 мингдан ортиқ ходимлар жалб қилинган.

Бундан ташқари, компания 2020 йилда пандемиянинг энг юқори чўққисида барча ишлаб чиқариш рекордларини янгилашга муваффақ бўлди: уч йил ичида ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 бараварга кўпайди ва 280 минг автомобилни ташкил этди. Сўнгги уч йил ичида эса 786 мингта автомобиль ишлаб чиқарилди. Бу аввалги уч йилга нисбатан ишлаб чиқариш 1,8 баробарга ошганини кўрсатади. Компания 2019 йилдан бошлаб давлат имтиёзларидан босқичма-босқич воз кечишни амалга оширди. Бунинг натижасида «UzAuto Motors» ва тармоқ корхоналари биргина ўтган йилнинг ўзида бюджетга 5,36 триллион сўм тўлаган бўлса, бу 2018 йилга нисбатан 3 баробар кўп, сўнгги уч йилда эса 13,11 триллион сўмни ташкил этди.

Аммо глобал логистика инқирози кўплаб ишлаб чиқарувчиларга таъсир ўтказа олди. Агар 2019 йилда автомобиль эҳтиёт қисмларини етказиб бериш муддати 30–40 кун оралиғида, битта контейнерни Жануби-Ғарбий Осиёдан Ўзбекистонга олиб ўтишнинг ўртача нархи 4,5–5 минг долларни ташкил этган бўлса, Жанубий Корея, Хитой ва Россия денгиз портларидаги тиғизлик ушбу муддатни 6 ойгача чўзилиши ва битта контейнер ташишнинг нархи 12–14 минг долларни ташкил қилди.

Кутилмаган глобал логистика инқирозидан ташқари, хомашё нархларининг кўтарилиши компания аҳволини сезиларли даражада мураккаблаштирди; барча бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчиларни сўнгги икки йил ичида нархларни 20–40 фоизга оширишга мажбур қилди. 2020 йилдан бошлаб хомашё нархи сезиларли даражада ошди, хусусан, пўлат 70 фоизга, мис 64 фоизга, алюминий қотишмалари 76 фоизга, полимерлар 60 фоизга қимматлашди.

Барча факторлар, жумладан, хомашё ва материал нархининг ошиши, логистика харажатларининг сезиларли даражада қимматлашиши ва бошқа омиллар автомобиллар таннархининг моделга қараб 1,8–3,1 минг долларга ошишига олиб келди.

Бу йил пандемия ва хомашё нархининг ошиши билан боғлиқ глобал инқирозлар билан чекланиб қолмади. Бутун дунё муаммоларига сўнгги пайтларда Евроосиё минтақасидаги геосиёсий вазият ҳам қўшилди. Халқаро нотинчлик вақтида корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнини таъминлаш учун таъминот занжири узлуксизлигини таъминлаш мураккаб жараёнлигини ҳисобга олсак, ҳар қандай ҳолатда ҳам корхоналарнинг конвейерларнинг тўхтаб қолишига йўл қўймасдан ишлашини таъминлаш жуда муҳимдир.

Бундан ташқари, хомашё ва материаллар (пўлат, полимерлар, катализаторлар) етказиб беришнинг Россиядан бошқа минтақаларга ўтказилиш эҳтимоли натижасида 73,2 миллион доллар (+29 фоиз) миқдорида қўшимча харажатларга олиб келиши мумкин. Шунингдек, логистика йўналишларининг Россия темир йўлларидан трансхитой йўналишига ўтиши эҳтимоли натижасида 115,2 миллион доллар (+45,5 фоиз) миқдорида қўшимча харажатларга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, «UzAuto Motors» маҳаллий истеъмолчилар манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда, ушбу харажатларнинг олдини олиш ва компания фаолиятига геосиёсий омилларнинг таъсирини минималлаштириш учун барча имкониятларни ишга солади.

Бозор таҳлили натижаларига кўра, шунингдек, хомашё таннархининг ошиши, коммунал хизматлар учун тарифлар, миллий валютанинг қадрсизланиши ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 137-сонли қарорига мувофиқ, «UzAuto Motors» 2022 йил 3 мартдан бошлаб ишлаб чиқарилган автомобилларнинг айрим моделлари учун чакана нархларни янгилашга мажбур.

Қайд этиш жоизки, 2022 йилда ишлаб чиқаришга режалаштирилган 275 минг дона автомобилнинг (шу жумладан, экспорт учун 60 минг дона) 60 фоизи маҳаллий истеъмолчилар томонидан 2020 йил март ойида белгиланган нархларда харид қилинган. Бундан келиб чиқадики, нархнинг ўртача йиллик ўзгариши 3,3 фоизни ташкил қилади. Шу билан бирга, жаҳон автомобиль бозорида нархлар сезиларли даражада катта фоизга қимматлашган. Худди шу пайтда «UzAuto Motors»нинг экспорт нархлари 33 фоиздан ортиқ кўтарилди.

Бундан ташқари, компания истеъмолчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, оммавий сегмент моделларида жисмоний шахслар учун олдиндан тўлов фоизини 85 фоиздан 50 фоизга пасайтирмоқда. Мисол учун, Chevrolet Cobalt A/T русумли автомобилни 125,6 миллион сўмга сотиб олаётганда олдиндан тўлов 106,7 миллион сўмни ташкил қилганди. Янги шартларга кўра, олдиндан тўлов 62,8 миллион сўмгача камайтирилади.

Шунингдек, шартномада автомобилни етказиб бериш кечиктирилган тақдирда харидорга компенсация тўланиши ҳақида банд назарда тутилган. Автомобиль сотиб олишдаги янги шартлар фақатгина юқоридаги санадан бошлаб тузилган шартномалар учун амал қилади.

«UzAuto Motors» компанияси биринчи навбатда «бизнесменлар»нинг эмас, аксинча аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун тегишли ваколатли органлар билан келишган ҳолда автомобилни қайта сотиш учун эмас, балки фойдаланиш учун сотиб олган мижозларга аввал тузилган шартномалар бўйича автомобилларни етказиб беришни биринчи ўринга қўяди. Автомобилларни спекулятив мақсадларда сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, компания автомобилни етказиб бериш муддатини қўшимча 120 кунга ошириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Бу автомобилларни харидорларга етказиб бериш муддатини қисқартириш, аҳоли ўртасидаги талабни қондириш имконини беради.

Компания ушбу чоралар мажбурий чоралар экани ҳамда бозор конъюктурасининг умумий ўзгаришига муносабати билан боғлиқ эканига ишонтиради. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 21 февралдаги 37-сонли қарорига мувофиқ, импорт қилинадиган автомобилларни олиб киришнинг янги тартиби тасдиқланди. Унга кўра божхона тўловлари икки ва ундан ортиқ баробарга пасайтирилди.

Шундай қилиб, 21 февралгача нархи 10 000 доллар, двигатель ҳажми 1,4 литр бўлган автомобиль учун божхона тўловлари 5 800 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, янги ставкаларга кўра, импорт божлари 2 900 доллар, 2023 йилнинг 1 январидан эса 2340 доллар қилиб белгиланган. Бу фактор албатта, Ўзбекистон автомобиль бозорига ижобий таъсир кўрсатадиган рақобат муҳитини яратади.

«UzAuto Motors» компанияси аввалгидек автомобиль ишлаб чиқарувчилар орасида нархлар барқарорлиги бўйича етакчи бўлишга, автомобиллар нархини бозордаги инфляция ва бошқа ўсишларга мутаносиб равишда оширмаслик имконини берадиган оптималлаштириш дастурини амалга оширишда давом эттиришини ишонтириб айтади.

Реклама

Ўзбекистоннинг UCG компанияси S&P Global Ratings рейтингини қўлга киритди
Янгиликлар17:30 | 31.1.23
Ўзбекистоннинг UCG компанияси S&P Global Ratings рейтингини қўлга киритди
“Ўзбекнефтгаз”: «Урганч нефть базаси» МЧЖ ва «Фарғона нефть базаси» МЧЖга тегишли бўлган 10 та кўчмас мулк «E-Auksion» электрон савдо майдончаси орқали оммавий савдоларга чиқарилди
Янгиликлар14:04 | 31.1.23
“Ўзбекнефтгаз”: «Урганч нефть базаси» МЧЖ ва «Фарғона нефть базаси» МЧЖга тегишли бўлган 10 та кўчмас мулк «E-Auksion» электрон савдо майдончаси орқали оммавий савдоларга чиқарилди
Байден АҚШ Украинага F-16 қирувчиларини етказиб бермаслигини маълум қилди
Янгиликлар12:21 | 31.1.23
Байден АҚШ Украинага F-16 қирувчиларини етказиб бермаслигини маълум қилди
Ўзбекистоннинг учта вилоятида кучли ёғингарчилик кузатилади
Янгиликлар11:48 | 31.1.23
Ўзбекистоннинг учта вилоятида кучли ёғингарчилик кузатилади
«Нукус воқеалари»да айбланган Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод этилди
Янгиликлар11:36 | 31.1.23
«Нукус воқеалари»да айбланган Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод этилди
Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди
Янгиликлар11:20 | 31.1.23
Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди